2017-11-30 13:00:00

ЯНГИ ҲАРБИЙ ОКРУГДА СЕРЖАНТЛАР ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Самарқанд шаҳридаги Санъат коллежининг концертлар залида “Марказий ҳарбий округ қўшинлари олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни бажаришда сержантлар таркибининг тутган ўрни ва роли” мавзусида сержантлар форуми ўтказилди.

Бугун аскарларнинг устози, офицерларнинг биринчи ёрдамчиси, Миллий армиямизнинг таянч устунлари бўлмиш сержантлар замонавий билимларни пухта эгаллаган, юксак интеллектуал салоҳият соҳиби бўлибгина қолмай, улар энг аввало, замонавий, ихчам ва профессионал Миллий армиямизнинг ўзагини ташкил этувчи ҳарбий хизматчилар саналишади.

Тадбирда Самарқанд вилояти хокими Туробжон Жўраев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов, сенатор, Ўзбекистон халқ шоири,Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев ва кенгаш аъзоси, таниқли кинорежиссёр Ҳилол Насимов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раиси Рустам Қобилов ва бошқалар форум иштирокчиларига шарафли ҳарбий хизматда ва масъулиятли вазифаларини бажаришларида муваффақиятлар тиладилар.

Форум доирасида ҳарбий хизматчиларга Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан турли-туман техника макетлари ҳамда Самарқанд вилоят Ҳунармандлар уюшмасининг наққошлик ва миниатюра санъати намуналари намойиш этилди. Айниқса, “Китоблар олами” савдо мажмуаси томонидан ташкил қилинган жаҳон ва ўзбек ҳамда болалар адабиётини қамраб олган китоблар растаси иштирокчиларда катта қизиқиш қолдирди.

Форумнинг иккинчи ярмида иштирокчилар Самарқанд шаҳрида жойлашган тарихий обидаларни зиёрат қилишди ҳамда шундан сўнг Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят Мусиқали драма театрида “Имон” спектаклини томоша қилишди.

“Туркистон-пресс”