2017-11-30 13:23:00

АФҒОНИСТОН ПОЙТАХТИ КОБУЛ ШАҲРИДАН ТОШКЕНТГА ИЛК БОР ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ АВИАҚАТНОВ АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Ушбу воқеа Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ришталар турли йўналишларда ривож топмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Афғонистонда қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда.

Ўтган йиллар давомида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўл линияси қуриб, фойдаланишга топширилган эди. Кобул – Тошкент йўналишида авиақатновнинг йўлга қўйилиши мамлакатларимиз логистика салоҳиятини ошириш, фуқаро авиацияси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

– Илгари йўловчилар Афғонистон пойтахтидан Тошкентга Истанбул ёки Дубай шаҳарлари орқали 17-32 соатда етиб келган бўлса, янги йўналишда бу вақт 1,5 соатни ташкил этмоқда, – дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бўлим бошлиғи Нодир Аюпов. – Ушбу йўналишда учиш йўловчилар учун ҳар томонлама қулай бўлиб, ҳам вақт, ҳам сармоя тежалади. 

Кобул – Тошкент йўналиши бўйича илк парвозни Афғонистоннинг “Kam air” авиакомпанияси амалга оширди. Янги қатнов икки мамлакат авиакомпаниялари учун ҳамкорликнинг янги уфқларини очди. Келишувга кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Учувчилар мактабида афғонистонлик учувчиларнинг ҳаво кемаларини бошқариш бўйича ўқуви ташкил этилади. «Uzbekistan airways technics» авиакорхонасида “Kam air” самолётларига техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. 

Афғонистондан Тошкентга авиақатновлар ҳафтасига икки кун, замонавий лайнерларда амалга оширилади. Авиарейслар вақтини белгилашда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларининг Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларга қатновлар жадвали инобатга олинган. Бу Афғонистондан парвозни амалга оширган йўловчиларнинг Ўзбекистон орқали Европа шаҳарларига учиши учун қулайлик яратади. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Урганч йўналишидаги парвозлар оралиғида мутаносиблик мавжудлиги афғонистонлик йўловчиларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишларига ҳам имкон беради. 

– Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлигимиз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” сингари ишончли ва минтақада улкан салоҳиятга эга компания ҳисобига кенгайганидан бениҳоя мамнунмиз, – дейди “Kamgar Group” компанияси раҳбари Земарай Камгар. – Ушбу ҳаво қатнови халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ва манфаатли шериклик истиқболидан далолатдир. Шундай катта имкониятни яратиб бергани учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. 

Улуғбек Шоназаров, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА