2017-11-30 14:13:00

ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ НАМАНГАНДА БАҲСЛАШДИ

Наманганда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Наманган санъат коллежида ташкил этилган мазкур танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолибликка эришган 82 нафар қизларнинг адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишлари бўйича бор билим ва маҳоратлари синовдан ўтди.

Тадбирда иштирок этганлар ҳукуматимиз томонидан хотин-қизлар маънавий савиясини юксалтириш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб, иқтидорли, изланувчан қизлар ҳамиша хотин-қизлар қўмиталарининг эътибор марказида эканликларини таъкидлаб, иштирокчиларга омад тилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йил сайин мазкур танлов иштирокчиларига кучлироқ талаб қўйилмоқда. Номзодлар ҳам буни қалбан ҳис этмоқдалар. Комиссияга тақдим этилган асарлар, илмий ва ижодий изланишлар намуналари, тайёрланган қўшиқ, куй ва рақслар қизларнинг ноёб қобилиятларидан далолат беради.

Номзодларнинг иқтидори кўп қиррали эканлиги ва улар орасида нуфузли  кўрик-танловлар ғолибларининг кўплиги боис танлов жиддий рақобат остида ўтди ва чинакам ижод баҳсига айланди.

Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди ва ғолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. 

“Туркистон-пресс”