2017-11-30 18:00:00

“ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН ЭНГ ЯХШИ ИЛМИЙ-ОММАБОП МАҚОЛА” ТАНЛОВИГА

ДОНИШ ХАЛҚҚА МУЗАФФАРЛИК ЯРАШАДИ

Ҳур халқлар! Эркинликни қўлга киритиш мумкин, aммо, унга қайтадан эришиб бўлмайди”, – деган қоидани унутманг”.Машҳур мутафаккир Ж. Ж. Руссонинг бу сўзлари янги Ўзбекистон халқи учун олтин қоида бўлиб қолса, менимча, Биринчи Президентимиз руҳи шодланади. Чунки у бир умр ўзидан озод ва обод юрт қолдириш орзуси билан яшаб, фақат бош тамғалар билан ёзиладиган ФИДОИЙЛИК орқали бунга эришди. Бу – барчамизнинг буюк неъматимиз эканлигини, бу йўлда улуғ Меъмор қандай азият чекканлигини, бунга қай йўсин эришганимизни ёш авлодга айтиб туриш хусусан,кексаларнинг, улуғ ёшдаги интеллигенциянинг муҳим юмуши бўлмоғи зарур.

Қанчалик таҳликали, оғир ва хатарли кунлар бўлганини тасаввур қилиш учун дунё жамоатчилиги яхши билган одамларнинг мулоҳазаларини эслаш фойдали.

“Тарих ҳалқ ҳаётининг энг мураккаб дамларида шундай бир шахсни танлайдики, (буни сиёсий селекция деб аташ мумкин) миллат тақдири унинг иродасига, қатъиятлилиги, масъулиятлилигига боғлиқдир. Ислом Каримов ҳозирги Туркистон тарихида ҳудди шундай буюк шахс ҳисобланади.

Унинг саъй-ҳаракатлари туфайлигина мустақил Ўзбекистон тез ва изчил мустаҳкам барқарорликка эришди, тараққиёт йўлидан жадал ривожланаётган давлатга айланди”.

Бу жумлалар бутун туркийларнинг фахрига айланган Чингиз Айтматовники.

Ҳали Фарғона, Қўқон, ҳали Тошкент, Бўка, Паркент, ҳали Андижон, Наманганда жаҳолат тутантириқ бўлиб аланга олган оловни ҳаллослаб ўчириб куйиб-пишган, “Ҳой, барака топгурлар!” дея койиниб, куйинган Ислом Каримовга қанчалик қийин бўлганини тўлароқ англашга бир вақтлар Асқар Акаевга давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, юридик фанлар доктори, ўзини Ўзбекистонга, унинг жафокаш ҳалқига бурчли билган холис сиёсатчи Леонид Левитиннинг қуйидаги, 1995йилда ёзган жумлалари ёрдам берса ажаб эмас:

Тўқсонинчи йилларнинг бошига келиб бирорта ҳам шўро республикаси Ўзбекистон сингари оғир аҳволда эмасди. Бу ерда кучли ижтимоий портлаш етилиб келмоқда эди.

“Ўзбек иши” тўғрисида эслаш кифоя. Пахта етиштириш ва уни сотиш билан боғлиқ коррупцияга қарши кампания шундай номланганди. Москва томонидан белгиланган нореал топшириқларга кўра Ўзбекистон ҳар йили 6 миллион тонна пахта бериши керак эди. Бундай режалаштириш натижасида ҳамма жойда ҳисоб-китобларда қўшиб ёзиш авж олиб кетди, оқибат, давлат 1978йилдан 1983йилгача пахта ишлаб чиқарувчиларга 1 миллиард рублдан (ўша йиллар 1 доллар 0,68 тийинга тенг кунларни эслайман. М.С.) ортиқ асоссиз пул тўлади. 1983йили шу иш соҳасидан СССР прокуратурасининг махсус тергов комиссияси тузилди.

Кадрларни қириш бошланди. 13нафарвилоят партия қўмитасининг биринчи котибидан 10нафари ишдан олинди, улардан 5 нафари қамалди, бир нафари ўлим жазосига ҳукм қилинди. Компартия Марказий Қўмитаси аъзоларининг тўртдан учқисми алмаштирилди. Мен бу ерда “пахта можароси”ни чуқурлаштириб ўтирмоқчи эмасман, лекин қуйидагиларни айтмасам бўлмас. Москва ўзбек раҳбар қатламига ёппасига, эскича синашта услубда ҳужум бошлаб, бу гал халқ ғазабини яҳудийларга эмас, ўзбекларнинг ўзига қаратди. Ажабланарлиси шунда эдики, коррупция ва ноҳалоллик тўғрисида Ўзбекистон раҳбариятига қўйилаётган айбларни аслида бемaлол ундан-да кўпроқ тарзда москвалик раҳбарларга ҳам қўйиш мумкин. Роса алам қиладигани шундаки, дунёдаги энг меҳнаткаш ва камсуқум ўзбeк деҳқони коррупциянинг жафосини тортган эмас, аксинча, ундан манфаат кўрганлар сифатида талқин қилина бошланди. Бутун республика бўйлаб одамларни турмага тиқиш авж олди. Улар орасида айбдорлар ҳам, беайблар ҳам бор эди. Юрт қандайдир аждаҳонинг комига тушиб қолгандай эди.

Миллий зиёлилар орасида демократик ҳаракатлар бошланиб кетди. “Бирлик”, ”Эрк”, “Туркистон” каби партиялар ташкил топди, улар ватанпарварлик ғояларинигина эмас, балки миллатчилик кайфиятларини ҳам олға суришарди. Бу ғоялар узоқ йиллар эркин фикрга имкон берилмаганлиги, миллий онг топталгани боис энди эҳтиросларни жўштирди, айниқса, ёшларни шовқин-суронли митинглар, намойишлар ва бошқа сиёсий йиғинларга ундади”.

Ҳа, дарҳақиқат, аҳвол шу даражада таҳликали, хатарли эди. Аҳолининг учдан иккисини ташкил қилган қишлоқ аҳолиси узоқ йиллар оғир меҳнатдан эзилиб келган. Пахта яккаҳокимлиги даврида меҳнат чидаб бўлмас даражада оғир ва машаққатли бўлиб, тирикчилик амал-тақал эди. Чор-ночор турмуш халқнинг сабр-косасини тўлдириб келмоқда эдики, у Фарғона ва Қўқондаги қонли тўқнашувларда ўзини намоён қилди.

Левитинёзади: “Бу даврда Ўзбекистонда хуфёна иқтисодиётда савдо мафияси бошлиқларининг, моддий ва молия ресурсларини тақсимлаш тармоғидаги наҳангларнинг, яширин жиноий гуруҳ етакчиларининг нуфузи жуда баланд эди. Бу кучлар бирлашганда эса ҳар лаҳзада ҳар қандай жараёнга таъсир ўтказиши мумкин эди.

Шу аснода, шу йўсин ўзаро алоқадорлик орқасида республика раҳбарияти бир неча бор алмаштирилди. Раҳбарларнинг бу қадар қўнимсизлиги шусиз ҳам таранглашиб бораётган ижтимоий сиёсий вазиятнинг таранглашувига олиб келди, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, уруғдошлик кайфиятларини кучайтирди. Натижада бу мамлакат мустақил давлат сифатида ўзини сақлай оладими, халқнинг аҳволи нима кечади, деган фикрлар ҳам юзага кела бошлади”.

Ана ўша пайтлар хорижий матбуот саҳифаларида бири биридан ваҳимали мақолалар чиқа бошлаган эди. “Узиб қўйилган вагон”, “Ўзбекистон – эриб кетган самовар”, “Ўзбекистон – нонсиз ўлка”, “Қуёш ботиш олдидан” ва ҳоказо. Раҳматли Биринчи Президентимизнинг ўша оғир йиллардаги жасорат-матонатлари, қатъият-шижоатлари Маҳмуд Замаҳшарий таърифлаган инсонга ўхшарди: “Тўғри ва ҳақ йўлдан бораётган кишининг юриши арслон салобатидан ҳам ҳайбатлироқ”.

Келажаги мавҳум бўлиб турган Ўзбекистонни Ислом Каримов тўғри ва ҳақ йўлдан олиб бораётганини барвақт пайқай олган хорижликларнинг эътирофларини эслаш мароқли: “СССР парчаланиши билан Ўрта Осиё минтақаси чекка-чеккалардан жаҳон ҳамжамияти сиёсий манфаатларининг марказига силжиб ўтди.

Минтақанинг янгидан ташкил топган мамлакатлари: коммунизм меросидан халос бўлиш, бозор иқтисодиёти, бақувват инфраструктура, замонавий бошқарув аппаратини яратиш заруриятлари сингари катта муаммоларга тўқнаш келди.

Бир вақтнинг ўзида демократияни ва ҳуқуқий давлат принципларини уларнинг минг йиллик тарихи билан ва ҳар бир алоҳида давлатнинг турли туман маданий анъаналари билан боғлаган ҳолда ҳаётнинг барча соҳаларида мустаҳкамлаш зарур. Бу бир неча йил давомида ҳал этилиши мушкул бўлган улкан ва мураккаб вазифалардир.

Шунинг учун ҳам бу мажмуавий янгиланиш жараёнида сиёсий арбоб сифатида иштирок этаётган ва бунга жавоб берадиган кишилар билан танишув муҳимдир.

Президент Каримов давлат раҳбарларининг янги авлодини ўзида бошқалардан кўра тугалроқ мужассам этган”,– деган эди Австрия Республикаси Федерал канцлери Франц Враницки.

Мен бир машҳур башоратчининг: “Собиқ совет иттифоқи ҳудудида вужудга келган давлатларда сизнинг талабларингизга жавоб берадиган раҳбар борми? – деган саволга берган жавобини деярли ёдлаб олганман: “Ҳа, бор, бу – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир. СССР парчаланиб кетганидан кейинги энг даҳшатли воқеалар Ўзбекистонда содир бўлиши керак эди, лекин Каримовнинг cаъй-ҳаракатлари туфайли бунга йўл қўйилмади. У ерда истиқболни кўзлаб амалга оширилаётган ишлар кўлами ХХI аср Ўзбекистон асри бўлишидан далолат бермоқда. Каримов келажакда мусулмон дунёси бошқа маданият билан қарама-қаршиликларга дуч келишини илоҳий бир заковат билан англаб етди ва бу тўқнашув йўлига тўсиқ қўйди. Буларнинг барчаси Ислом Каримовнинг буюк инсон эканидан далолат беради”.

Бундай эътирофлардан кўпини келтириш мумкин. Биринчи Президентимиз жаҳон сиёсий харитасида янги Ўзбекистонни ёрқин юлдуздай чарақлатиб қўйиб кетди...

...1999 йил Февраль воқеалари. Ислом Каримов унга аталган бомба портлаган жойда турибди. Бироздан сўнг сал нарироқда навбатдагиси ёрилди. Одамларни ваҳима, саросималик қамраб олган. Президент: “Ваҳима қилманг! Шунда сизлар менга ёрдам берган бўласиз. Биз уларни албатта топамиз, керак бўлса қўлларини қирқамиз!” Бу гаплар ўта босиқлик, ғоят ишонч билан ирод этилгани хотирамда муҳрланиб қолган.

БМТнинг 48-сессиясидаги Каримовнинг нутқи ёдимда. Ўшанда диний экстремизм, ақидапарастлик, радикализм ҳавфига нисбатан кўпгина давлат раҳбарларининг беписандлигини танқид қилган эди. Орадан ҳеч қанча муддат ўтмай АҚШ марказидаги “Эгизак” савдо уйи портлаб кетди. Бу нимани англатади?!Менимча интуиция  – аввалдан сеза олиш, идрок қилиш, ҳис эта олиш туйғуси бўлса керак.

Парвардигори олам буюк зотларни Ўзи азиз этган жойлардагина дунёга келтиришига иймон келтиравераман. Минг тўққиз юз ўттиз саккизинчи йилда Самарқанд шаҳрида, агар янглишмасам, 1600 нафар фарзанд дунёга келган экан. Ягона оила – Абдуғани ота ва Санобар момо оиласида туғилган болагина Ислом номини олган.

Ўттиз саккизинчи йил ижтимоий-сиёсий нуқтаи назардан қандай кунлар бўлганини катта авлод вакиллари ҳам,кўхна тарихни синчиклаб ўрганадиган ёшлар ҳам биладилар.

Авлиёлардан бирининг “Ҳар қандай жамият худодан” деган гаплари ҳам бор. Л. Левитинэътироф этади:И. Каримов ҳамиша ғурур билан: “Мен технократ ва амалиётчиман. Менинг кучим ҳам шунда”, дейди. Шуни қўшимча қилишим мумкинки, у ўз халқининг бешик ва мозорлари, уй ва мачитлари, жароҳатларини ўзида мужассам этган. Унинг кучи ҳам шунда.”

Дарҳақиқат, мустақиллигимиз эълон қилинганидан кейиноқ, бутун мамлакатимиз бўйлаб қабристонлар, муқаддас қадамжолар ободлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилди, гарчи ҳар томонлама қийин аҳволда турган бўлсак-да. Бу асл ўзлигимизга қайтиш, аждодлар баридан тутиш эмасми?

“Энг муҳими ўзингга ишон. Шунда сен ҳеч кимни сотмайсан.” Бу Ўзбекистон Биринчи Президентининг ҳаёт принципларидан бири эди. У ўз халқига, унинг яратувчанлик қудратига қаттиқ ишонарди. Акс ҳолда у маърузаларидан бирида ҳеч қандай хаспўшлашларсиз мана бундай демаган бўлар эди: “Сўнгги вақтларда “улуғ оға” сифатида Россия ўрнини эгаллашни кўзлаган кучлар пайдо бўлди. Баъзи бир қўшни Осиё давлатлари бунга зўр бериб даъворгарлик қилмоқдалар. Бизнинг иқтисодий масалалардаги нисбатан тажрибасизлигимиздан фойдаланиб, ҳалол ҳамкорлик ўрнида ноҳалол йўлга ўтиб олмоқдалар. Бизга эскирган технологиялар ва ускуналарни келтириб, хўжалик раҳбарларимиз ва тадбиркорларимизни алдашни хоҳламокдалар. Биз ҳеч қандай “улуғ оғаларга”га муқтож эмасмиз”.

Ўзига, ўз халқига қатъий ишонган давлат раҳбаригина дунё жамоатчилигига шундай дея олади. Бу кўҳна дунёда у ёки бу даражадаги салтанат бошқарувида қўғирчоқ йўлбошчилар ҳам бор.

Буюк етакчимизнинг жасорат ва матонат, қатъият, зукко дипломатик фазилатлари билан боғлиқ тарихий бир воқеликни эслатгим келди. 1992 йили АҚШ давлат котиби Д. Ж. Бейкер билан И. Каримовнинг Тошкент учрашуви пайтида Ўзбекистонда мухолифат ҳақида масала кўрилган, Бейкер “Бирлик” партиясини рўйхатдан ўтказишни Президентимиздан астойдил илтимос қилган эди. “Бизда қонун бор. Рўйхатга олиш учун ҳар қандай партия сафи камида уч минг нафар бўлиши керак. “Бирлик” эса айни чоғда бир ярим мингга етмайди” – дея жавоб берган эди. Бейкернинг такрор илтимосига Каримов: “Жаноб давлат котиби! Шунга ўхшаган нарса Америка Қўшма Штатларда рўй беришини кўз олдингизга келтиринг. Мен, бошқа давлат Президенти Сиздан ёхуд Президент Бушдан у ёки бу партияни қонунни четлаб ўтиб рўйхатдан ўтказишни илтимос қилаётирман, деган фикрга йўл қўя оласизми?!”

Шахсий фикрим: шундай қилиб, ташқарида маънавий отаси бўлган мухолифат лидер партиянинг Ўзбекистонда шаклланишига йўл қўйилмади.

Шоир Евгений Евтушенкода шундай ибора бор: “Узбек – это успех”. Иборада у бутун Ўзбекистон халқини назарда тутган. Ва шоир тўла хақ. Чунки азамат халқ кимнинг теварагида ягона вужуд бўлиб бирлашиш кераклигини адашмай топди.

Ўзбекистон ва унинг халқиданқарздорлик туйғуси билан яшаган жамоат арбоби Леонид Левитиннинг ўзбек халқига таърифини жуда ёқтираман: “Ўзбек халқининг анъаналарида ҳокимият вакилларига, давлатнинг мансабдор шахсларига тўлиқ ҳурмат муносабати ва ҳатто эъзолаш мавжуд. Ва, қоида тариқасида, бу қўрқувдан эмас, илоҳий хусусиятларидан келиб чиққан, ўзлари тўғрисида қайғуришига самимий кўникиб колишган. Буни “патернализм”, “Этник патернализм” ёхуд бошқача айтиш мумкиндир – моҳият ўзгармайди. Бу мавжуд ҳаётнинг реализми. Бироқ, агар ҳокимият, агар унинг вакиллари кишилар ишончини оқламаса, агар улар ожиз ва ахлоқсиз бўлиб чиқса борми, ўзларидан кўришсин. Одамларнинг ҳурмати ва эъзози теран нафратга айланади. Бу нарса Шарқда Ғарбдагидан юз чандон қўрқинчлироқдир.”

Ўзбек халқининг табиатини Евтушенко ғоят яхши англаган. Шоир ҳақ. Дониш халққа музаффарлик жуда ярашади. Бунинг асосий сабабларидан бири у чор атрофга фақат эзгулик соғиниб яшайди. Тинчлик, хотиржамлик, ҳаловат каби тансиқ неъматларни ўзига раво кўргани каби ўзгаларга ҳам тилайди.

Донишки, таҳликали, рутубатли кунларда, жар ёқасида турганимизда азамат халқ ўз халоскорини, ўз йўлбошчисини адашмай сайлаб олди. Сайлагани эса қалбида Аллоҳ ишқи билан она халқнинг асрий орзуси рўёби йўлида асл маънодаги жонбозликка, фидойиликка жазм қилди. Ва мустақиллигимизнинг бошларидаёқ машҳур сиёсатчилардан бири Биринчи Президентимиз юритаётган сиёсатдан мамнун бўлиб шундай сатрлар битди: “Бу тарихда Гёте таъбири билан айтганда, Худойи таолонинг “сеҳрли устахонасида” дунёнинг у ёки бу томонида ҳайратланарли изчиллик билан такрорланиб турадиган воқеалар бор. Айрим тарихчилар XVIII асрда содир бўлган икки Француз ва Америка инқилоби тўғрисида мушоҳада юритаркан, тахминан, қуйидагиларни ёзишади: француз инқилоби Худони инкор қилди ва Якобин диктатураси қонга ботди. Америка инқилоби унинг ижодкорлари ва ижрочилари юрагидаги Худо билан амалга оширилди. Шунинг учун ҳам ғалаба қилди ва муваффақиятларининг кети кўринмайди. Бу бебаҳо мушоҳададир.

Шу тахлит ёндашилса, Ўзбекистон тақдири юракларга некбинлик бағишлайди. Ўзбекистон ҳозирги ва келгуси авлодларнинг тақдири умумий ҳамжамияти сифатида юракларда Аллоҳ ишқи билан яшаётган экан, унинг бу хайрли йўли нафақат ўз фуқароларини, балки бутун жаҳонни қувонтирмаслиги мумкин эмас.

Барчамиз ерга қайтгувчилармиз, барча мавжудот Замин бағрига қайтгувчилардир. Ва ҳар биримиз ўзимизга яраша из қолдириб қайтамиз. Улуғ меъмордан улуғвор из қолди. Озод ва обод Ватан қолди. Миллионлаб одамларни ўзаро бақамти қилиб қўйган ёрқин хотирот қолди. Асло хира тортмас хотира қолди.

Таскинки, қалби, руҳи, табиати ҳур давр нафаси ила ислоҳ қилинган азамат халқ Улуғ Йўлбошчининг, “болалигиданоқ меҳнат ва бир бурда ноннинг қадрини билиб ўсган” Биринчи Президентнинг муносиб ворисини адашмай нетмай топиб сайлади ва унинг теварагида янада мустаҳкамроқ жипслашиб,ягона қудратли вужудга айланди.

Евтушенко жуда мухтасар айтган: “Узбек – это успех”.

Айтмоқчи, яна бир ёрқин хотира қалбим тўрида муҳрланган. Ёдингизда бўлса, Сурхондарёдаги чегарамиздан диний экстремистлар конституцион давлатимизга тажовуз қилишганди. Лекин улар ҳушёр ва сергак чегарачиларимизнинг қақшатқич зарбаларига учраб йўқ қилинган эди. Ўшанда юртимиз дахлсизлиги йўлида мардларча ҳалок бўлган аскаримизнинг онаси Биринчи Президентимизга мактуб йўллаб, унда жасур ўғлони билан фахрланишини ва унга берган оқ сутига рози эканлигини билдириб,марҳум аскар руҳини ҳамда Юртбошимизни шодлантирган эди. Ва ўша хатни Ислом КаримовОлий Мажлис аҳлига ўқиб туриб, йиғлаганларини аниқ пайқаганман. Қудратли миллий давлатчилигимизнинг улуғ асосчиси бўлиш билан биргаликда барчамиз каби оддий инсон эдилар. Онанинг фарзанд доғи билан изтироби, Ватан туйғуси билан боғлиқ руҳий кечинмалари Президентимизни тўлқинлантирган эди.

У киши нафақат ўз халқининг, балки дунёдаги барча эзгу-ният одамларнинг меҳрини қозонган эдилар.

Шунинг учун ҳам улуғ Йўлбошчининг дафн маросимида дин, ирқ, миллат, тил каби тушунчалар аҳамиятсиз қолиб, ижтимоий-сиёсий мавқелар ҳам бир четга сурилиб, барча йиғлади. Чунки олатасир, талотумлардан толиққан оназамин ўз дардларига малҳам бўлаётган, дунё фуқаросига айланган фарзандидан айрилган эди...  

Мухторжон СУЛТОНҚУЛОВ,

меҳнат фахрийси.

“Туркистон-пресс”.