2017-12-01 13:00:00

“ЁШ АДОЛАТЧИЛАР” ПОЙТАХТДА БЕЛЛАШИШДИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида”лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий аппарат масъул ходимлари, кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Маросим очилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларда ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаравонлигига ва юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётганликларини таъкидлашди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ёшлар масаласини устувор вазифалар сарасига киритди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида партия сафларида ёшлар иштироки ортмоқда.

Бугунги кунда партия умумий аъзолари 210 минг нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 37 фоиздан ортиғи, яъни 78 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этмоқда.

“Адолат билимдони” кўрик-танловининг мақсади ҳам ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, шунингдек, партия сафидаги энг фаол, ташаббускор, атрофдагиларга намуна кўрсатаётган ёшларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантириш, партия тизимида ташаббускор ва фаол ёшлар сонини кўпайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Кўрик-танлов якунига кўра, 1-ўринни Тошкент вилоятидан Гулчеҳра Султонхонова қўлга киритган бўлса, 2-ўринни Тошкент шаҳридан иштирок этган Зилола Аҳмедова эгаллади. 3-ўринга эса, мос равишда Қорақалпоғистонлик Севара Ходжаниязова ҳамда Наманган вилоятидан келган қатнашчи Муштарий Юлдашева лойиқ деб топилдилар.

Тадбир якунида танлов ғолиблари ва иштирокчилари Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг I, II, III даражали дипломлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Туркистон-пресс”