2017-12-01 14:05:00

“ВАТАН ҲИМОЯСИДА МЕНИНГ ҲИССАМ”

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Ватан ҳимоясида менинг ҳиссам” шиори остида ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшлар ўртасида учрашув бщлиб ўтди.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур тадбирда округ қўшинлари қўмондони,полковник Айбек Саидов, Навоий вилоятиҳокими ўринбосари Фахриддин Солиев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлими раиси Насиба Содиқова, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари раислари ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юрт тинчлиги ва осойишталигини мардонавор ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг шарафли хизматларини алоҳида эътироф этар экан, тенгликда онага менгзаладиган Ватанни кўз қорачиғидек асраш ва уни мардларча ҳимоя қилиш шарафли вазифа эканлиги, мана шундай муқаддас вазифани сидқидилдан адо этаётган юртнинг асл ўғлонлари доим эл ардоғидалигини таъкидлаб ўтишди.

Сафдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ва ташаббускор ҳарбий хизматчилар Навоий вилоятиҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари – китоблар билан тақдирланди.

Шу куни “Ёшлар маркази” фойесидакўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада жанговар машғулотларда зарур бўлган асбоб-ускуналар, қуроллар ҳамда ҳимоя воситалари намойишга қўйилди.

Тадбирнинг эсда қоларли яна бир жиҳати, унда китоб ярмаркаси ҳам ўтказилди. 

– Китоб ўқишни яхши кўраман. Китоб гўёки сеҳрли дунёга ўхшайди, – дейди Навоий қурилиш коллежи ўқувчиси Омадбек Аҳмедов. –Қанча кўп ўқиганингиз сари янги-янги оламни кашф қилгандек бўласиз. Шунинг учун ҳам китобҳар доим ҳамроҳим бўлиб келган. Китоб ярмаркасидаўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир дурдоналарини кўриб кўнглим тоғдек юксалди. Улардан бир нечтасини сотиб олдим. Синфдошларимга ҳам яхши китоблар сотиб олишни тавсия қилдим.

Куннинг иккинчи ярмида Марказий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлашга масъул офицерлар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари раислари иштирокида ўқув-услубий йиғин ўтказилди.

Туркистон-пресс