2017-12-01 15:50:00

МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗЛИГИ КОНСТИТУЦИЯ ҲИМОЯСИДА

Республикамиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва баб-баравар муҳофаза қилиниши ҳамда мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тассарруф этиши Бош Қомусимиз ҳисобланган Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил этувчи мулк – ишлаб чиқариш воситаларини ва меҳнатнинг барча маҳсулотларини ўзлаштириш жиҳатидан кишилар ўртасидаги муносабат ҳисобланади, моддий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш усулини характерлайди. Мулкий муносабатлар ашёвий муносабатлар тарзида юридик жиҳатдан бошқарилгач ёки расмийлаштирилган ҳолатдан кейин улар мулк ҳуқуқи мақомини олади.

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.

Мулк ҳуқуқи муддатсиздир, яъни мулк эгаси ўзига тегишли бўлган мулкдан абадий фойдаланиши, ўзининг мулк ҳуқуқини хоҳлаган вақтда тасарруф этиши мумкин. Ҳеч ким мулкдорга ўз мулкини эгаллаб туриш, ундан фойдаланиш ва уни тассарруф этиш учун муддат белгилаш ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларига эга бўлиб, унинг субъектлари фуқаролар, юридик шахслар ва давлат ҳисобланади.

Мулкнинг объектлари бўлиб, ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, квартиралар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар ҳисобланади.

Мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти, мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш орқали қонун ҳужжатларига зид бўлмаган асосларда вужудга келади.

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Мазкур мулкни яхшилаш, кўпайтириш ва бошқа хўжалик юритуви билан боғлиқ харажатларни сотиш, хадя қилиш, айирбошлаш ва ҳаказоларни амалга оширилишида, бошқа мулкдорларнинг розилиги талаб этилади.

Мулк ҳуқуқига эга бўлган мулкдорлар зиммасига ҳам маълум даражада масъулият юкланади, яъни мулкдан фойдаланишда мулкдорлар – давлат қонунларига бўйсуниши, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, экологик муҳитга зарар етказмасликлари шарт.

Мулкдорнинг мулкни сотиб юбориши, ҳадя қилиши ёки айирбошлаш натижасида мулкнинг буткул нобуд бўлиши, мусодара қилинганда ва бошқа қонунда белгиланган ҳолатларда мулк ҳуқуқи бекор қилиниши, тугатилиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, давлатимиз Конституциясида белгилаб қўйилганидек, хусусий мулк ҳам бошқа мулк шакллари қатори дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Нодирбек РАСУЛОВ,

Норин тумани Давлат нотариал идораси нотариуси.

“Туркистон-пресс”