2017-12-01 16:21:00

КОНСТИТУЦИЯ КУНИГА МУНОСИБ ТУҲФА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги байрами арафасида Наманган шаҳрида қуриб битказилган арзон ва қулай нархлардаги кўп қаватли уйларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Наманган шаҳар ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

2016 йил 22 ноябрда Президентимизнинг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон ва кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди.

Мазкур Қарорга асосан Наманган шаҳрида ҳам 8 та етти қаватли уй қуриш режалаштирилганди. Ўтган 11 ой давомида бу уй-жойларни қуриш бўйича катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

8 та хонадон имтиёзли равишда имконияти чекланган ва ногирон фуқароларга топширилгани Бош Қомусимиз қабул қилинган кун арафасида қўшалоқ байрам бўлди.

– Мен бугун Ватан ичра ўз Ватанимга эга бўлганимдан ҳурсандман, – дейди Баҳромжон Шарипов. – Мен бу уйда онажоним билан байрамни кутиб олишимнинг ўзи катта бахт. Шундайин мехрибон Ватанни севмай бўларканми?

– Муҳтарам Президентимизга катта раҳмат айтаман, боиси, менга 3 ой аввал замонавий чок тикиш машинаси топширилганди, – дейди Мадинахон Камолова. – Бугунги кунга келиб касаначилик асосида иш жойига эга бўлганим сабабли ўзимнинг молиявий ҳолатимни анча тиклаб олдим. Бундан ташқари, ушбу уйлар учун биринчи тўлов бадали 10 миллион сўм давлат томонидан тўлаб берилгани чинакам ёрдам бўлди.

Уйларнинг барчасидаги хонадонлар маҳаллий иситиш тизимларига эга. Бундан ташқари, хавфсиз шаҳар концепциясига амал қилган ҳолда кузатув камералари ҳам ўрнатилган.

– Мен шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман, – дейди икки нафар фарзанднинг онаси, 5-умумтаълим мактаби муаллимаси Умида Собирова. – Бундай шарт-шароитларга эга хонадон барчамизнинг орзумиз эди. Чиндан ҳам бахтиёрман. Тинчлик ва осудалигимиз, эътиборни қадрлаган ҳолда ёш авлодга сидқидилдан таълим-тарбия бериб тараққиётимизга ўз ҳиссамни қўшаман.

Президентимиз Қарорлари билан тасдиқланган дастурга асосан Наманган шаҳрида келгуси йилда яна шундай ўнта кўркам ва замонавий кўп қаватли турар жой бинолари бунёд этилади.

Шунингдек, Наманган шаҳрининг Уйчи, Навоий, Ҳамроҳ кўчаларида ҳам замон талабларига мос бўлган 55 та кўп қаватли кўркам турар жой бинолари барпо этилади.

“Туркистон-пресс”.