2017-12-01 16:26:00

СЎЗ – ИЛОҲИЙ, КУЙ – ИЛОҲИЙ, ҚЎШИҚ – ИЛОҲИЙ...

Катта йўлдан қирғоқлаб бораётган Она бағридаги гўдагининг қийқириб, типирчилашидан бир зум тўхтаб, саросимага тушди. Ҳали тили атак-чечак ҳам бўлмаган норасида шу яқин атрофдан таралаётган қўшиқ оҳангидан завқланардики, жажжи қўлларини куй оҳангига мос ҳаракатлантириб, қучоғидан чиқиб кетгудай типирчилаётган боласининг юз-кўзларига қаради. Қаради-ю,ўзининг ҳам ич-ичида шу қўшиққа жўр бўлгудек завқ гулдираётганини сезди.

Сўз – илоҳий, куй – илоҳий, қўшиқ – илоҳий. Она йўлида давом этди. Уйига етиб, қия очиқ дарвозадан ҳовли томон ичкариларкан, уй айвонидаги радиодан ҳам бояги қўшиқ таралаётганига яна бир ажабланди. Болажонини айвон супачасига оёқлантириб қўллари билан икки кифтидан тутганича чўккалади.

Бола ўйнар, қувончидан қичқирар, юз-кўзларида алланечук мастоналик, англаш белгилари бор эди.

Дарё тошқин, сувлар тўлқин, ўтолмайман-о,

Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о.

...Атласмиди, кимхобмиди кийгонингиз-ей,      

Бизлардан ҳам ортиқмиди суйгонингиз-ей...

Қўшиқ онага ёд бўлиб қолди. Шу-шу жигаргўшасининг эътиборини қўшиқ айтиш билан ўзига қаратишга одатланди. Она қўшиқлар хиргойи қилади, бола қўшиқ оҳангига чалғибхархашаларни унутади.

Йиллар ўтаверди, она кўп қўшиқлар ёд олди, бола ҳам унга жўр куйлай бошлади. Она-боладаги бу одат қўни-қўшнилар, қариндошлар эътиборини тортди.

Ҳеч қандай чолғусиз, ритмни йўқотмаган ҳолда, қойим туришлар билан қўшиқлар ижро этиш орқали “ туғма талант”, “нодир истеъдод” деган олқиш ва ишончларга сазовор бола энди маҳалла ва қариндошларнинг давраларига ўзига хос кайфият бағишларди.

Кўпчиликнинг қистови билан бола 5 ёшга тўлгач, она ўғилчасини етаклаб, “Томоша” болалар театр студиясига йўл олди...

Бу истеъдодли хонанда Рустам Тўлқуновнинг ҳаётидан бир лавҳа. Тошкентиазимда туғилиб вояга етган, эндигина 22 ёшга тўлаётган бўй йигитнинг санъаткор сифатида танилиб бораётгани унчалик ҳайратланарли эмас. Аммо унинг интилишлари, ҳаётга қарашларидаги ҳайратлар кўнгилларда ўзига хос ҳавас, яхшилар ҳайратига хос хайрихоҳлик уйғотса не ажаб.

Рустамжон “Томоша” балалар театр студиясида устози,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нодира Қурбоновадан санъат сирларини ўрганди. 12 йиллик таҳсил давомида у кўплаб йирик концертларда, байрам ва фестивалларда қатнашиб қўшиқлар куйлади.

Глиэр номидаги мусиқа ва санъат лицейининг фортопиано йўналишида ўқиб юрганида ҳам унинг муваффақиятли ижрочилик қобилияти устозлар эътиборига сазовор бўлдики, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлардаги чиқишлари орқали мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги тенгдошлари ҳам бугун унга ҳавас қилишади.

Лицейдаги устози,Ўзбекистон Санъат арбоби Темур Маҳмудов Рустам Тўлқуновнингқобилиятини мақом йўналишида сайқаллади. Энди у болалар учун яллавор тароналардан санъатнинг қадим залворини, қудратини мужассам этган мақом йўналишида Маъмуржон Узоқов, Орифхон Ҳотамов, Таваккал Қодиров сингари ҳофизларнинг ашулаларини ижро этишга киришди.

Эстрада хонандалиги йўналишидаги лицей сабоғигача у халқ қўшиқларини, мумтозқўдшиқчиликсабоғини астойдил ўрганди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмовнинг “Ёр келади” таронаси Рустам Тўлқунов талқинида ўзига хос жозиба касб этадики, бундан Козим Қаюмовнинг ўзи ҳам миннатдор.

– Гитара чалишни ўрганяпман, –дейди Рустамсуҳбатимиз давомида туйқус қувонч оҳангида. Чунки мен учун идеалга айланган, афсонавий Ботир Зокиров ўз қўшиқларини гитара жўрлигида куйлаган. Кўпчилик билади, Ботир Зокиров етук рассом сифатида ҳам ноёб асарлдар яратган ижодкор. Бу жиҳатдан ҳам менда афсонавий ижодкорга ўхшашликборлигидан ҳамиша қувонаман.

Етти нота, етти ранг – туганмас қўшиқ, оҳанг. Рангларда шеър жаранги, куй оҳанглари бор. Бу мужассамлик шунчалар қудратга эгаки, агар нота ва ранглар неъмат сифатида яралмаганида ҳаёт туйғусиз, бахтлар ярим бўларди. Икки йилдан буён олийўқув юртига ҳужжат топшириб, ижодий синовлардан энг юқори балл тўплаган ҳолда ҳам тест синовларидан ўтолмаяпман. Тўплаган баллим шартнома асосида ўқиш учун етарли бўлади-ю, давлат грантига эриша олмаяпман.

Лекин бундан руҳимда оғриқйўқ. Хотиржамман. Контракт тўлов қобилиятига эга эмаслигимдан ҳам ўкинмайман. Чунки менга устозларим ўргатган куй-қўшиқлар, санъат қудрати баланд руҳ бағишлайди.

Бобом – онамнинг оталари Нурилло бобом шунча интилиш ва қайсидир маънодаги ютуқларга эга бўла туриб ҳам ўқишга киролмаётганимни кўп ўқишим билан изоҳлайдилар. Қанчадир муддат китоб ўқимай, фақат тестга тайёргарлик кўришимни тайинлайдилар. Бобомнинг фикрлари эҳтимол,тўғридир. Аммо мен ҳаётимни бадиий адабиётларсиз тасаввур қилолмайман. Газета-журналлар овқат-озиқдан ҳам зарурроқ туюлади менга.

Саид Аҳмаднинг трилогиясидан тортиб, энг кичик ҳажвияларигача мен учун севимли. Онам ва синглим менинг бу одатимни ҳамиша олқишлайдилар. Қолаверса,оила даврасида овозли ўқиш одат, буанъана бобомдан меросқадрият.

Навоийнинг биргина “Ҳайратул аброр”и яхшилар ҳайратининг ҳар бир вароғидаги ҳикматлар сабоғи руҳимга куч, енгилмас қудрат бағишлайди. “Қоракўз Мажнун”дан “Хандон писта”гача, ёки Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом”идан “Отамдан қолган далалар”игача... Эҳ-ҳе, айтсак адоғи йўқ хазинанинг ҳеч йўқ бирор фоизидан баҳраманд бўлмаслик бориб турган гумроҳлик эмасми?

Рустам Тўлқуновни истеъдодли хонанда сифатидаги ютуқлари, орзу-интилишлари бўйича мухлисларидан бири, оддий қаламкаш сифатида ёзишни ният қилгандик. Аммо хонанда билан суҳбат асносида унинг китобхон сифатидаги қиёфасига дуч келдик.

Унинг ён дафтаридаги битикларга кўз ташлаймиз:

“Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизғониб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчиси –жони, кейингилари –дини, моли, оиласи, она Ватанидир”!

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг

“Туркистон қайғуси” асаридан.

Бу дунёда қўшиқнинг ҳам борлиги инсоният манглайидаги яна бир толе, яна бир саодатдир.

Мирзо КЕНЖАБЕК, шоир.

Хуллас, санъат майдонига дадил қадамлар билан кириб келаётган хонанда йигитнинг орзу-ниятлари, қизиқишлари, хулқ-одоби-ю ўзига хос маданияти маънавиятимиз сарчашмаларининг нафақат куй-қўшиқ,балки нодир адабиёти намуналари билан чамбарчас эканлигидан қувондик. Келажак санъаткори, эртанги кун эгаларидан бири ўз интеллектуаллик қобилияти билан ҳавасимизни келтирди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.

“Туркистон-пресс”.