2017-12-01 16:51:00

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО АЛОҚАЛАР МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Қуйи палатада Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоиловнинг Россия Федерал йиғини Федерация Кенгаши раиси ўринбосари И. Умаханов билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери меҳмонларга мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан маълумот берди.

Жумладан, таъкидланидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегиясига мувофиқ ҳозирда мамлакатни жадал ривожлантиришига қаратилган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий муҳим давлат ва ҳудудий дастурлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаб ўтилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бир неча маротаба Россия Федерациясида турли халқаро семинарлар, илмий форумлар ва консультатив характердаги мажлисларда иштирок этишган.

Учрашувда шунингдек, қонунчилик тизимидаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида Федерация Кенгаши раиси ўринбосари И. Умаханов бошқа йўналишларда ҳам икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда ишончли муҳитнинг яратилишга қаратилган парламентлараро алоқаларни ва сиёсий мулоқотлар мунтазамлигини сақлаш муҳим эканини қайд этди.

Мулоқотлар давомида томонлар келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни такомиллаштириш ҳамда кенгайтиришга қаратилган масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

“Туркистон-пресс”