2017-12-01 12:20:00

НАМАНГАНДА РЕСПУБЛИКА ТУРНИРИ

Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Александр Мешков хотирасига бағишланган дзюдо бўйича республика очиқ турнири ўтказилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон дзюдо федерацияси, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган тўрт юзга яқин 16-17 ёшдаги ўғил-қизлар иштирок этди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар ўз ишининг моҳир устаси бўлган марҳум мураббий А. Мешков нафақат Наманганда, балки бутун республикамизда якка кураш спорт турлари, хусусан дзюдони ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшганини ёдга олиб ўтишди. Биргина Наманган шаҳридаги Олий спорт маҳорати мактабида унинг қўл остида шуғулланган ўнлаб спортчилар халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида юксак ғалабаларга эришганлиги диққатга молик.

Уч кун давом этган қизғин баҳсларда ғолиблар 36 килограммдан 90 килограммгача бўлган 18 та вазн тоифаси бўйича аниқланди. Қизлар ўртасида кечган беллашувларда Наманган вилоятидан Ҳ. Ҳасанбоева, Андижондан М. Азимова, К. Икромова, фарғоналик З. Раҳмиддинова, Тошкент вилоятидан И. Куюлова, Нукусдан Ш. Эрмаганбетова, Хоразмдан И. Қурбонбоева, М. Султонова ва М. Машариповалар ўз вазн тоифаларида ғолиб сифатида эътироф этилдилар.

Ўсмирлар ўртасидаги ўйинларда татамига чиққанлардан Фарғона вилоятидан А. Абдусалимов, Ш. Адҳамов, Тошкент вилоятидан Б. Шарифжонов, З. Эргашев, М. Мансуров, Самарқанддан Э. Абдувоҳидов, Ш. Умрзоқов, андижонлик А. Абдулазизов, пойтахтлик И. Равшанқуловлар ўз йўналишларида фахрли биринчи ўринни эгаллашди.

Турнирғолибларига ташкилотчиларнинг диплом, медаль, эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”.