2017-12-02 12:00:00

АСАЛ БАЙРАМИГА МАРҲАМАТ

Пойтахтимизда бошланган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ва «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, тадбирда 250 нафардан ортиқ асаларичи ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Унга кўра, юртимизда фаолият юритаётган асаларичиларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташкил этилди.

Уюшмага аъзо хўжаликлар 2023 йилгача соҳада қўлланиладиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари, препаратлар, мумпарда ва мум маҳсулотлар учун божхона тўловлари тўламайди. Бу эса маҳсулот ҳажми ортишини таъминлайди. Хусусан, жорий йил 15 тонна асал ва асал маҳсулотлари етиштирган асаларичилар 2021 йилга бориб бу кўрсаткични 23 тоннадан ошириши кутилмоқда.

Ярмаркада асаларичилар томонидан тақдим этилаётган асал, асал муми, болари чанги, асалари сути каби турфа маҳсулотларни танлаб олиш мумкин.

Жорий йилнинг 10 декабригача давом этадиган тадбир доирасида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси вакиллари ва асаларичилар иштирокида илмий-амалий семинарлар ва бошқа тадбирлар ҳам ўтказилади.

Асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.

“Туркистон-пресс”.