2017-12-02 17:00:00

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЯПОНИЯ ОМБУДСМАНЛАРИ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАШДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини оширишдаги ташкилий-ҳуқуқий масалалар: Ўзбекистон ва Япония тажрибаси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мамлакатимиз парламенти вакиллари, Япония делегацияси аъзолари, соҳа экспертлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Япония алоқаларининг ривожланиш тарихи ўзаро ишонч ҳамда мустаҳкам дўстлик муносабатлари билан чамбарчас боғлиқ. Давлатларимиз минтақавий ва халқаро хавфсизлик, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, шунингдек, савдо-иқтисодий, сайёҳлик, таълим, экология ҳамда маданият соҳаларида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар “Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси”, “Япония демократик партияси — Ўзбекистон” дўстлик лигаси ҳамда “Олий Мажлис — Япония Парламенти” парламент-лараро гуруҳи фаолиятлари билан ҳам самарали қўллаб-қувватланаётир.

Тадбирда Япония делегацияси аъзоларига юртимизда фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига мурожаат этиш ҳуқуқларининг самарали амалга оширилиши, давлат ҳамда жамият қурилишида уларнинг фаол қатнашишини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти ҳақида кенг маълумот берилди. Айни чоғда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг доирасида қабул қилинаётган қонунларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Меҳмонлар мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларни юқори баҳолашди.

— Икки мамлакатни ўзига хос маданий қадриятлар ҳамда анъаналар, жумладан, инсон шаъни, қадр-қимматига ҳурмат, инсонпарварлик, адолатлилик ва қонунга итоаткорлик тамойиллари бирлаштириб туради, — дейди Япония Ички ишлар ва алоқа вазирлигининг Маъмурий баҳолаш бюроси (омбудсман) директори ўринбосари жаноб Сежиро Ёшикаё. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишиб, юртингизда аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича ноёб ҳамда инновацион лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганига амин бўлдим. Виртуал ва Халқ қабулхоналарига фуқаролардан бир миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Айтиш мумкинки, бу давлат томонидан аҳолига ҳар томонлама кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳамда халқнинг давлат раҳбарига нисбатан қатъий ишончидан далолат беради. Кенг қамровли ислоҳотлар замирида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил институти ташкил этилганлигини ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу ташриф инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ўзаро тажриба алмашишда жуда мазмунли ва фойдали бўлди, десак адашмаймиз.

Тадбир доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Япония Ички ишлар ва алоқа вазирлигининг Маъмурий баҳолаш бюроси (омбудсман) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон ҳамда Япония фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳамкорликда фаолият олиб бориш учун замин яратади. Зеро, унда ахборот-таҳлилий маълумотлар алмашинуви, қонун ҳужжатлари, халқаро ҳамда ривожланган давлатлар тажрибаларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш соҳасидаги шакллари ҳамда усуллари, ушбу йўналишда ҳамкорликда конференция, семинар, давра суҳбати ва халқаро форумлар ташкил қилиш кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”.