2017-12-02 17:18:00

САМАРҚАНДДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК БЎЙИЧА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Матбуот уйида “Самарқанд ҲЭТК” АЖ томонидан 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллалар фаоллари ва маҳаллий ҳокимият идоралари мутасаддилари иштирок этишди.

Сўнгги йилларда энергетика соҳасининг ривожланиши масаласига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, янги ишлаб чиқариш қувватларни қуриб ишга туширишга ва энерготизимни кенг кўламда модернизациялаш, замонавий энергия манбаларини татбиқ этиш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатишдаги йўқолишларни камайтириш ҳамда қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантиришдир.

Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида Самарқанд вилояти бўйича истеъмолчиларга жами 3,7 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 143,1 миллион киловатт соат кўп демакдир. Шундан 1,7 миллиард киловатт соат ёки 47 фоиз вилоят аҳолисига етказиб берилган бўлса, ижтимоий соҳа объектларига 0,4 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.

Президентимизнинг “Республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини 2017-2018 йилларда куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятида 2536 километр узунликда электр узатиш тармоқлари ва 751 та трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда аҳоли ва маҳалла фаоллари билан мулоқотлар ўтказилиши натижасида қўшимча 21 та трансформатор пунктларини янги қуриш ва реконструксия қилиш ишлари белгиланиб, тўлиқ бажарилди.

Шу билан бир қаторда шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларни куз-қиш мавсумига тайёргарлиги бўйича оғир тоифаланган маҳаллаларда 2 та трансформатор қўшимча ўрнатилди  ва 2 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Жорий йилда модернизация дастури асосида 268 километр узунликда электр узатиш тармоқлари ва 109 та трансформатор пунктлари модернизация ва реконструкция қилинди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларининг изчил ривожланиши, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг электр энергия таъминотини мустаҳкамлаш мақсадида 110 киловолт кучланишли подстанцияларда ҳам юклама билан ишлаётган 8 та ҳар хил қувватдаги куч трансформаторларни катта қувватлисига алмаштириш ишлари бошланди.

Шунингдек, юқори кучланишли магистрал электр тармоқларда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. 220 киловольт кучланишли “Чўпон-ота” ва “Самарқанд” подстанцияларида юклама билан ишлаётган учта куч трансформаторларидан иккитаси, қуввати 200 Мегаватт бўлган куч трансформаторларга алмаштирилди. Қолган биттаси жорий йилинг 20 декабрга қадар ишга туширилади.

Амалга оширилаётган шу каби чора-тадбирлар натижасида Самарқанд вилоятидаги электр энергияси истеъмолчиларига қўшимча равишда 275 Мегаватт қувват захираси яратилиб, 353 та маҳалладаги 184 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари, шу билан бирга саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти мустаҳкамланди ва сифат даражаси яхшиланди.

Тадбир сўнгида журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

“Туркистон-пресс”.