2017-12-02 17:37:00

МЕҲРГА МУҲТОЖ ИНСОНЛАР ДОИМО АРДОҚДА

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги Қарорига асосан ҳар йили 3 декабрь– Халқаро ногиронлар куни сифатида республикамизда кенг нишонланиши Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 600 минг нафардан зиёд ногиронга ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.

Жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ушбу санага бағишланган тадбирларни ҳар йилгидан фарқли ўлароқ маҳаллий ҳокимиятлар, идора ва муассасалар, нодавлат жамоат ташкилотлари ва жамғармаларининг фаол иштирокида кенг кўламда ўтказиш, жойларда ўтказиладиган инсонпарварлик (гуманитар) акцияларда ногиронларни имкон қадар кенгроқ қамраб олиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу анжуманнинг Республика Конституцияси қабул қилинган кун арафасида нишонланиши унга ўзгача маъно ва шуур бағишлайди. Зеро, бош Қомусимиз бўлмиш Конституциямиз бизнинг барча ҳуқуқларимизнинг кафолати бўлса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида эса, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, шу жумладан, ногиронлар, ёлғиз кекса-қарияларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида мақсадли ишлар амалга оширилди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида– 1991 йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун мустақил давлатлар орасида биринчилар қаторида қабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тасдиқланди. Юқорида қайд этилган қонун жаҳон стандартларига мос равишда қайта ишлаб чиқилиб, 2008 йил 11 июль куни янги таҳрирда қабул қилинди. Келгуси йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги Қарори тасдиқланди, муҳтож фуқароларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш юзасидан тегишли Низом ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши топшириқларига асосан ташкил қилинган республика Комиссияси томонидан “Ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,

– чин етим, ота-она қаровисиз қолган, ногирон болалар “Гўдаклар уйи”, “Меҳрибонлик уйлари”да давлат қаровига тўлиқ олинганлар, мактаб-интернатларда махсус шарт-шароитлар асосида таълим-тарбия олмоқдалар;

– умумтаълим мактабларига бора оладиган имконияти чекланган болалар  бошқа ўқувчилар билан бир қаторда инклюзив таълим билан қамраб олинганлар, мактабга бора олмайдиган ногирон болалар эса, ўз уйларида ўқув жараёнлари билан қамраб олинганлар;

– Тошкент, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида фаолият кўрсатаётган имконияти чекланган фуқаролар учун ихтисослашган 4 та коллежларда аниқ касбларни пухта эгалламоқдалар;

– ҳар йили 10 мингдан зиёд муҳтож фуқаролар протез-ортопедия маҳсулотлари, реабилитация техник воситалари – ногиронлараравачалари, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар билан бепул таъминланмоқдалар;

– ҳар йили ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий маркази ҳамда ҳудудий ногиронларни реабилитация қилиш марказларида сал кам 20 минг нафар ногиронга тиббий, ижтимоий ва касб реабилитацияси чоралари кўрсатилмоқда;

–ҳар йили 35 минг нафардан зиёд 1941-1945 йиллар уруш қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фронти қатнашчилари, пенсионер ва ногиронлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, идоравий ва маҳаллий сиҳатгоҳларда бепул соғломлаштирилмоқда;

– 15,7 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ҳамда ёлғиз истиқомат қилувчи пенсионер ва ногиронлар ўз уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинганлар;

– 3,8 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз пенсионер ва ногиронлар ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари билан бепул таъминланмоқдалар;

– қарийб 8 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса ва ногирон тизимдаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида давлат томонидан тўлиқ таъминотга олинган;

– 1941-1945 йиллар уруш қатнашчилари фойдаланилмаган санатор йўлланмалари учун санаторияларда соғломлаштиришга кетадиган тенг қийматда компенсация тўловларини ола бошладилар.

Мустақиллик байрами арафасида тизимдаги “Мурувват”, “Саховат” интернат уйларида васийликка олинган ногиронлар, ёлғиз кекса-қарияларнинг қўллари билан яратилган ижод намуналари – расмлар кўрик танлови ҳамда “Истиқлол” саройида эл эъзозлаган санъаткорлар ва “Мурувват”, “Саховат” интернат уйларида васийликка олинганлар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда фаол иштирок этганларнинг кўзларидаги хурсандчилик, завқ барчани лол қолдирди.

Вазирлик тизимидаги 33 та «Саховат» ва «Мурувват» уйларида салкам 8 минг нафар ёлғиз кекса-қария, ногиронлар давлат томонидан тўлиқ таъминотга олинган. Ушбу тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ёлғиз қария ва ногиронлар учун уйидагидек шароит яратиш мақсадида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бугунги кунда тизимдаги ногиронларни реабилитация қилиш марказлари томонидан ногиронларни якка тартибда реабилитация қилиш, бу борада соғлиқни сақлаш тизими билан яқиндан ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда.  

Ҳар йили ўрта ҳисобда муҳтож ногиронлар 10 мингдан ортиқ протез-ортопедия маҳсулотлари, 3 мингга яқин муҳтожларга ногиронлар аравачаси, 1,3 мингдан зиёдига эшитиш мосламаси, 4 мингга яқин ҳасса ва қўлтиқтаёқ билан бепул таъминланмоқда.

3декабрь– Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар мамлакатимизда меҳр-мурувват ойлигини ўтказиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда худди шундай анжуманлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг барча вилоятларида, туман ва шаҳарларда маҳаллий хокимликлар билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда,ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Меҳр-мурувваат ойлиги мобайнида ногиронлар учун маданий тадбирлар ташкил этилиб, байрам дастурхонлари тузалиб, уларга ҳомий ташкилотларнинг совғалари етказилади.

Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказилган тадбирга таклиф қилинган ногиронларга, шунингдек, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётган қариялар ва ногиронлар, республикамизда фаолият кўрсатаётган ногиронлар жамиятларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Нуроний жамғармаси, “Маҳалла”Хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармалари томонидан турли хилдаги совға-саломлар ҳадя этилди, ҳар бир ногиронга совға-саломлар улашилади.

Ногиронлар куни арафасида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси томонидан ҳадя этилган озиқ-овқат пакетлари Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган, ногирон болаларни тарбиялаётган оилалар, ётиб қолган ёлғизлар ва кам таъминланган оилалардан бўлган ногиронларнинг уйларига олиб бориб берилди, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Юқорида келтирилганлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, хусусан, ногиронларни ижтимоий муҳофазаси борасида республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва серқирра чора-тадбирларнинг бир томони, холос. Энг асосийси шуки, бугунги кунда республикамизда ногиронлик муаммоларини ҳал қилиш йўналишининг мустаҳкам пойдевори мавжуд ва ушбу долзарб йўналишда давлат органлари, кенг жамоатчилик, республикамизнинг ҳар бир фуқароси ҳамжиҳатликда мақсадли ишларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

“Туркистон-пресс”.