2017-12-04 16:11:00

ТУРКИЯЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР ЮРТИМИЗГА ТАШРИФИДАН МАМНУН

Бугун бутун дунёда туризм соҳаси жадаллик билан ривожланмоқда. Мазкур соҳа айрим ривожланган давлатлар иқтисодиётининг асосини ҳам ташкил этмоқда.

Маълумотларга қараганда, бугун давлатларнинг туристик салоҳияти шаҳарларида қадимий иншоотларнинг мавжудлигида эмас, аксинча туристларга кўрсатилаётган хизмат сифатида эканлиги таъкидланмоқда.

Мустақиллик йилларининг дастлабки кунларидан юртимизда туризмни ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.  

Жумладан, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиздаги ҳамда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия Республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори ўринбосари У.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, соҳа ишини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Кейинги бир йил давомида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ва соҳа субъектлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар республикамизнинг халқаро миқёсда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

—Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидалар билан танишиб, буюк туркий алломалар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиб, туркий халқ вакили эканлигимдан яна бир бор ғурурландим, — дейди Туркиянинг TRT world телеканали мухбири Эрол Севан.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги масъул ходимларининг юртимизда зиёрат туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, заминимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар ҳақидаги маълумотлари ҳам туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Матбуот анжумани якунида туркиялик журналистларга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”