2017-12-04 11:00:00

ЯНГИ КОРХОНА ИШГА ТУШДИ

Юртимизда ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини янада жадаллаштириш мақсадида жойларда бўш турган бинолардан унумли фойдаланиб, аҳоли эҳтиёжи ужун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш учун иш ўринларини яратиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинда Жиззах вилояти Мирзачўл туманида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мирзачўл мега севинч” давлат унитар корхонаси иш бошлади. Туман марказидаги бўш турган бинода иш бошлаган мазкур корхонада асосан болалар ва катталар кийими, чойшаб ва кўрпа-ёстиқ жилдлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу лойиҳа рўёби учун 375 миллион сўм маблағ сарфланиб, 40 та замонавий тикув машинаси ўрнатилди.
— Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардан бўлган 40 нафар хотин-қиз иш билан таьминланди, ишчилар учун қулай шароитлар яратилди. Келгусида корхона қувватини янада ошириб, иш ўринлари сонини кўпайтиришни мўлжалламоқдамиз, — дейди корхона раҳбари Дилноза Жўраева.

Жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ , шу кунга қадар 68 лойиҳа амалга оширилиб, 206 янги иш ўринлари яратилди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”