2017-12-04 17:00:00

ПОЛВОН ҲАЛОЛ ТАШЛАСА — МУХЛИСГА БАЙРАМ

Фарғона олимпия захиралари коллежи спорт мажмуасида эркаклар ва аёллар (катталар) ўртасида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик-тақвим режасидаги мазкур мусобақада Тошкент шаҳри, Жиззах, Хоразм, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан жами 160 нафар спортчилар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида ғолиблик учун беллашишди. Эътиборлиси,  ушбу кубок беллашувларида водий вилоятлари полвонларининг куч ва маҳоратлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудуд полвонларига нисбатан бир мунча юқори эканлиги ўзаро курашларда яққол сезилиб турди. Ҳатто деярли барча вазн тоифаларининг  ҳал қилувчи финал учрашувларида  водийлик полвонларнинг етиб келиши ҳам юқоридаги фикримизга далил бўлади. Буни эса, қуйида биринчи ўринни эгаллаган спортчилар мисолида ҳам англаш мумкин. Дарвоқе, тарихи бир неча минг йилликни ўз ичига олган миллий спорт туримиз бўлмиш белбоғли курашнинг ошнолари, ашаддий мухлисларига ҳам қойил қолмай илож йўқ-да. Ҳар бир полвоннинг чиқишини, айниқса, номдор  курашчиларнинг гиламда рақибига нисбатан ишлатаётган усулларига диққат-назар билан тикилади. Худдики, айтайлик, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси рақиб терма жамоа дарвозасига пенальти тепаётганда мухлислар бир муддат жим қолишади.  Тўп дарвозани ишғол этса байрам. Курашда ҳам шундай. Полвони рақибини даст кўтариб, ҳалол ташласа мухлисга байрам. Белбоғли кураш шайдолари  ҳар мусобақа давомида байрам қилишади. Йиқитса полвоним деди, йиқилса армоним.  

Демак, биринчи ўринни эгаллаган спортчилар билан танишамиз.

Классик йўналиш: (Эркаклар)

55 кг. 1. Зоҳиддин Абдубеков (Фарғона), 60 кг. 1. Мардонбек Кимсанбоев (Тошкент ш.), 73 кг. 1. Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), 81 кг. 1. Ҳотам Бойназаров (Андижон), 90 кг. 1. Зайлобиддин Ортиқов (Тошкент ш.), 100 кг. 1. Аъзамжон Анваржонов (Андижон), +100 кг. 1. Зоҳид Исмоилов (Фарғона).

Эркин йўналиш: (Қизлар)

48 кг. 1. Мадина Исмоилова (Фарғона), 52 кг. 1. Ноила Хуррамбоева (Наманган), 57 кг. 1. Гулхумор Дадабоева (Андижон), 63 кг. 1. Мафтуна Маҳмудова (Андижон), 70 кг. 1. Дилафрўз Мамажонова (Наманган), 76 к. 1. Анефий Курсиетова (Андижон), +76 кг. 1. Саҳиба Шералиева (Фарғона).

Эркин йўналиш: (Эркаклар)

55 кг. 1. Мухторжон Анваржонов (Наманган), 60 кг. 1. Омадбек Обидов (Андижон), 66 кг. 1. Абдиқаҳҳор Аҳмаджонов (Наманган), 73 кг. 1. Бекзод Абдиғаниев (Фарғона), 81 кг. 1. Сабриддин Маҳкамов (Тошкент в.), 90 кг. 1. Обидали Мавлонов (Фарғона), 100 кг. 1. Махсим Турғунов (Андижон), +100 кг. 1. Шерзод Раҳимов (Фарғона).

— Мусобақада вилоятимиз полвонлари ҳар қачонгиданда фаол иштирок этишди, — дейди Фарғона вилоят белбоғли кураш федерацияси бош котиби Мироншоҳ Рўзиев. — Хабарингиз бўлса керак, жорий йил Туркманистонда ўтган ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинларида вилоятимиз спортчиларидан Обидали Мавлонов ҳамда Шерзод Раҳимовлар медаллар шодасини  қўлга киритиб, терма жамоамизга қимматли очколарни тақдим этган эди.  Мазкур беллашувда ҳам улар ўз вазн тоифаларида етакчи эканликларини яна бир бор исботлашди.  Шунингдек, Бекзод Абдиғаниев, Зоҳиддин Абдубеков, Соҳиба Шералиева сингари иқтидорли спортчиларимизнинг  чиқишлари мутахассислар эътиборига тушди. Ўйлайманки, ушбу полвонларимиз ҳам келажакда халқаро мусобақаларда кучлилар қаторидан жой олишади.   

Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”