2017-12-05 12:00:00

ТУРКМАНИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ХОРАЗМГА ТАШРИФИ

Давлатимиз раҳбари бошчилигида бугун қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорликни янада жипслаштириш борасида бирқатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, яқинда Туркманистон Республикасининг Дашогуз вилояти делегациясининг Хоразмга ташриф буюриши бунинг амалий тасдиғи бўлди.

Дашогуз вилояти ҳокими М.Байрамгулиев бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб Шовот туманидаги “КатқалъаТекс” корхонаси фаолияти билан танишдилар. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг Дашогуз ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари бошчилигида ҳар иккала вилоятнинг халқ хўжалиги, маданият ва санъат намояндаларининг учрашуви ташкил этилди. Йиғилишда икки вилоят ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хоразм вилоят иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Ж.Авезов вилоят иқтисодиёт тармоқларининг бугунги ҳолати, келгуси тараққиёт режалари ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот берди ва туркманистонлик тадбиркорларни ҳамкорликка чорлади.

Шунингдек, меҳмонлар Урганч шаҳридаги «Ёшлик» спорт мажмуасида спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Кейин Хонқа туманида жойлашган қорамол ва паррандалар учун озуқа ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Феедгран» корхонасини бориб кўрилди. Делегация аъзолари Ҳазорасп туманидаги “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали фаолияти билан ҳам танишдилар.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар қадим ва навқирон Хива шаҳрини, жумладан, «Нуруллабой» ва «Ичонқалъа» ёдгорлик мажмуаларини ҳам зиёрат қилишди.

“Туркистон-пресс”