2017-12-05 12:41:00

БАХТИМИЗ ҚОМУСИ

Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида бугун барча ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Фарғона вилоятида ҳам ҳокимлик ташаббуси билан шу кунларда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида ўтказилаётган учрашувларда аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этмоқда.

Вилоят олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассислари, ҳуқуқшунослар, таниқли ижодкорлар, спортчи ва санъаткорлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари, сиёсий партиялар вакиллари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” жамоат фонди раҳбарлари иштирокидаги самимий суҳбатларда мамлакатимиз Конституцияси бахтимиз қомуси, тинч ва фаровон ҳаётимиз, нурли келажагимиз кафолати эканлиги таъкидламоқда.

—Асосий Қонунимизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида халқимизнинг турмуш даражаси йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда,бу эса таълим тизими, тиббиёт, маданият ва санъат, қўйингки, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган самарали ва кенг кўламли ислоҳотларга асос бўлиб хизмат қилмоқда,  —дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов.

Бундай учрашувларда келажагимиз ворислари фаол иштирок этиб, ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари борасидаги билимларини ошираётгани муҳим аҳамиятга эга. Боиси, қонунга ҳурмат руҳида камолга этган йигит-қизларда ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуси кучли бўлади. Бу каби хислатларга эга бўлган ёшлар эртанги кунимизнинг чинакам суянчи ва таянчи бўлишига ишонамиз.      

Айни кунларда вилоят шаҳар-туманларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”