2017-12-05 15:48:00

УМИДЖОН НАЗАРОВ ЖОМБОЙ ТУМАНИ ҲОКИМИ БЎЛДИ

Жорий йил 30 ноябрь куни халқ депутатлари Жомбой тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди

Сессияда вилоят ҳокими Туробжон Жўраев иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим вазифалари хусусида маъруза қилди.

Таъкидландики, кейинги йилларда Жомбойда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ишчи ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаяпти. Айниқса, томорқа даромадини кўпайтириш дастури ижроси бажарилмаяпти. Томорқаларда етиштирилган ҳосилни харид қилиш йўлга қўйилмаган. Натижада бозорда картошка ва бошқа айрим маҳсулотлар нархи ошмоқда.

Сессияда ердан фойдаланишдаги ўзибўларчилик кескин танқид қилинди. Хусусан, алмашлаб экиш, ерни минерал ва маҳаллий ўғитларга тўйдириш эътибордан четда қолаётир. Бунинг устига, суғориладиган майдонларда ўзбошимчалик билан уй-жой қуриш ҳолатлари мавжуд.

Вилоят ҳокими ўз нутқида ёшлар тарбияси, жиноятчиликка қарши кураш, таълим сифатини ошириш борасида ҳам фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш юзасидан мулоҳазалар билдирди. Секторлар ишида фаоллик ва ташаббускорлик етишмаётгани қайд этилиб, аҳоли билан мулоқот, уларнинг муаммоларига ечим топишда тўрт сектор фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ҳ.Бўриев ўз аризасига биноан Жомбой туман ҳокими вазифасидан озод этилди. Бу лавозимга вилоят ҳокими тавсиясига кўра,Самарқанд  вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Умиджон Назаров тасдиқланди.

“Туркистон-пресс”