2017-12-05 16:28:00

ТОШКЕНТДА АҚШНИНГ ВЕБСТЕР УНИВЕРСИТЕТИ ФИЛИАЛИ ОЧИЛАДИ

Жорий йил 4 декабрь куни Вебстер университети вице-президентиПитер Махер бошчилигидаги делегация Тошкентга ташриф буюрди. Делегация таркибидан Бизнес ва технологиялар мактаби ва мазкур ОТМнинг Таълим мактаби деканлари Симмон Куммингс ҳамда Бренд Файф ҳам ўрин олишган.Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон томони билан Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш билан боғлиқ техник, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатлар ҳамда янги ўқув йилидан — 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб таълим муассасаси фаолиятини бошлаш масалалари муҳокама қилинади.

Таъкидлаш лозимки, Тошкент шаҳрида АҚШ университетининг биринчи филиали очилиши тўғрисидаги Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вебстер университети ўртасидаги битим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сентябрь ойида Ню-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми якуни бўйича имзоланган.

Маълумот учун: Вебстер университети 1915 йилда Миссури штати Сент-Луис шаҳрида ташкил этилган. Университетнинг муваффақиятли фаолият юритаётган Швейцария, Австрия, Греция, Голландия, Хитой, Таиланд ва Гана каби давлатларда 7 та халқаро филиаллари мавжуд. Шунингдек, мазкур таълим даргоҳи 2017 йилда Американинг энг яхши университетлари рейтингида 24-ўринни эгаллаган.

“Туркистон-пресс”