2017-12-05 16:51:00

ТОЗАЛИК — САЛОМАТЛИК АСОСИ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг  “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси барча юртдошларимиз қатори андижонликларни ҳам ободонлаштириш ва тозалов ишларида  уюшқоқликка бошламоқда. Ҳудудларда ташкил этилаётган ҳашарлар  фуқароларнинг яшаш хонадонларидан бошлаб кўча ва гузарларни обод манзилларга айланишига хизмат қилмоқда.

Вилоят партия кенгаши ташаббуси билан Андижон шаҳрида ташкил этилган “Менинг обод кўчам” лойиҳаси остидаги тадбир бу борада яна бир дадил қадам бўлди.

“Адолатчи”лар томонидан кенг жамоатчилик орасида тозаликнинг инсон саломатлигининг асоси эканлиги, маиший чиқиндиларни ўз  вақтида белгиланган жойларга ташиш ва санитария талаблари хусусида тарғибот ишлари олиб борилди. Ободонлаштириш бошқармаси билан биргаликда тайёрланган “Биз обод юртда яшаймиз!” дея номланган буклетлар тарқатилди. Партия сафидаги тиббиётчилар аҳоли орасида тозаликнинг инсон саломатлигига фойдали эканлиги хусусида тушунтириш ишларини олиб борди.

Шундан сўнг кўнгилли иштирокчилар томонидан ҳудудларда йиғилиб қолган маиший чиқиндилар тозаланиб, белгиланган махсус чиқиндихоналарга олиб чиқиб кетиши ишлари ташкил этилди. Ёшлар ташаббус билан чиқиб ариқлар тозаланди, фахрийларнинг хонадонларига кириб бориб,уларга бу ишда кўмак берилди.

Тозалик тадбирлари Андижон шаҳридаги бошқа маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”