2017-12-06 12:00:00

“ПОРА В ОТПУСК” ДАСТУРИ ЎЗБЕКИСТОНДА

Жорий йилнинг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда тасвирга олинган “Пора в отпуск” кўрсатувининг навбатдаги сони Россиянинг “НТВ” телеканалида эфирга узатилди.

Ушбу кўрсатув орқали россиялик телетомошабинлар ўлкамизнинг ҳар бир туристга маъқул келувчи бой сайёҳлик потенциали ва янги туризм хизматлари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлишди.

Россиялик оила Бухоро шаҳрида Шарқ бозори билан танишишга, россияликлар орасида жуда машҳур бўлган паловнинг тайёрланиши ва унга танланувчи маҳсулотлар сирини ўрганишга муваффақ бўлди. Хива шаҳрида эса меҳмонлар миллий рақсларимиздан бири бўлган Хоразм  рақсини мароқ билан кузатишди ҳамда Хива шаҳрини томоша қилишди.

Кўрсатув қаҳрамонлари туялар ва отларда сайр қилиш, Орол денгизида чўмилиш, қумли тепаликлар бўйлаб махсус автоуловларда саёҳат, ўтовда тунаш каби бир қатор қизиқарли воқеалар иштирокчисига айланишди.

“Туркистон-пресс”