2017-12-06 13:27:52

“НАЗИРА” БАДИИЙ ФИЛЬМИ ТАҚДИМОТИ

Тошкентда “Назира” бадиий фильми тақдимоти бўлиб ўтди.

 Ушбу  фильмда ҳар қадамда ҳаётнинг шафқатсиз синовларига дуч келиб, уларни енгиб ўтиш баробарида ҳам 10 фарзандни туғиб тарбиялаган, ҳам шахсий бизнесини йўлга қўйган, ҳам уни сақлаб қолиш учун йиллаб судма-суд саргардон бўлган аёлнинг машаққатли ва ибратли ҳаётидан ҳикоя қилинади.

Назира Шодмонова маҳаллий амалдорлар тимсолидаги коррупциялашган тизимга қарши боришга, тинмай курашишга мажбур бўлади. Баъзан қоқилади, йиллаб йиққан, болаларининг насибаси саналган мол-мулки талон-тарож бўлади, бизнесини қайтадан бошлайди, саломатлигидан айрилади, аммо ортга чекинмайди. Исми Назира бўлса ҳам, беназир аёл ўлароқ ғалаба қозонади.

Янги фильмнинг постановкачи режиссёри Жаҳонгир Қосимов, постановкачи оператори эса Рустам Муратовдир.

Фильмда иқтидорли актрисалар Шодия Абдуқодирова, Муяссар Бердиқулова, актёрлар Акбархўжа Расулов, Санжар Сатторов, Тоҳир Саидов, Пўлат Саидқосимов ва бошқалар иштирок этган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”