2017-12-11 18:07:00

БУЮК ЎЗГАРИШЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

      Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, кенг жамоатчилик, хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.

Бундан роппа-роса йигирма беш йил муқаддам умумхалқ муҳокамасидан кейин ҳар томонлама ва чуқур ўйланган, демократик йўл билан қабул қилинган Конституциямиз янги жамиятнинг ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, Асосий қонунимиз халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашимизнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар халқимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ», деган олижаноб ғоя устуворлик касб этиб, давлат ҳокимияти бошқарувида мутлақо янги тизим – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил этилди, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизими яратилди.

Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди.

Йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган даъват замирига қурилди. Бу эса юртдошларимиз қалбида акс-садо бериб, барчамизни Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этишга руҳлантирди.

Тантанали маросим бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳаётимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар акс этган катта концерт дастури билан якунланди.

ЎзА.