2017-12-11 19:19:00

ХИТОЙ САФАРИ ТААССУРОТЛАРИ: ОАВ МАМЛАКАТЛАРАРО ДЎСТЛИК КЎПРИГИ

Шу йил 20-27 ноябрь кунлари Ўзбекистон Журналистлари делегацияси таркибида Хитой Халқ Республикасида бўлдим.

Бу менинг Хитойга иккинчи сафарим эди - биринчи марта бундан 26 йил аввал, 1991 йилнинг август ойида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлаб юрган кезларимда Синцзян Уйғур мухтор райони тележурналистлари  таклифига кўра боргандим ва умрбод унутилмас гўзал хотиралар, таассуротлар билан қайтгандим. Урумчи радио ва телевидение уйида синцзянлик ҳамкасбларимиз билан ўтказган учрашувларимиз, телерадиожурналистика соҳасидаги ўзаро тажриба алмашувлар, ҳар бир тоши олис тарихлардан ҳикоя қилувчи қадимий Турпан шаҳрига саёҳат, унга бошлаб борувчи ҳар икки тарафидан ишкомлар туташиб, тангадек офтоб туширмайдиган кўп километрлик узумзор йўл... уларни унутмоқ мумкинми? Самолёт Тошкент халқаро аэропортидан парвозга кўтариларкан, ўша сафар манзаралари бир-бир кўз олдимдан ўтди...

Хитой аҳолисининг сони, ҳудудининг катталиги ва албатта, тараққиёти жиҳатидан ҳам дунёнинг энг буюк мамлакатларидан бири. Уни бир-икки ташриф  доирасида ўрганиш ва у ҳақда тасаввур ҳосил қилиш мумкин эмас. Бизнинг бу галги ташрифимиз дастуридан Пекин шаҳри ва мамлакатнинг энг йирик шаҳарларидан бири Ханчжоуда Хитой миллий журналистикаси, оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолияти, уларнинг ютуқлари билан танишиш, ўзаро тажриба алмашишга қаратилган ва бошқа тадбир-учрашувлар ўрин олганди.

Шу ўринда бу ташриф ташаббускорлари – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси бўлганини таъкидлаш жоиз.

Тошкентдан Пекингача самолётда олти соатлик йўл. Сафардошларимиз – “Жаҳон” ахборот агентлиги бош директори Аброр Ғуломов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Лутфулла Сувонов, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети декани Алишер Матёқубов ҳамда “Маданият ва маърифат” телеканали директори Икром Чориевлар билан гоҳ ҳангомалашиб, гоҳ бироз мизғиб (ахир тунда йўлга чиққандик) бу масофа қандай босиб ўтилганини ҳам сезмай қолдик. Стюардесса самолёт қўнишга тайёрланаётганини эълон қилганда, нигоҳларимиз иллюминатордан пастликка қадалди: тонг отиб қолган, Пекин кўз олдимизда ўзининг маҳобати, улуғворлиги ва фусуни билан намоён бўлди. Самолётдан тушаётганимизда муздек ҳаво юзга урилди, Анча совуқ экан, деган фикр хаёлдан ўтди, бироқ, аэропортда бизни меҳмоннавозлик билан қаршилаган мезбонлар чеҳрасидаги самимий табассум бу ўйларни бир зумда унуттириб юборди.

ПЕКИНДАГИ ИЛК УЧРАШУВЛАР

Олис йўлдан сўнг меҳмонхонада бироз ҳордиқ чиқаргач, жуда тиғиз сафар дастуримиз тадбирлари бошланди. Аввал Хитой ташқи ишлар вазирлигининг Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари қабулида бўлдик. Департамент раҳбари бизни илиқ кутиб олди ва Хитой-Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кейинги вақтларда янги босқичга кўтарилгани, бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи катта роль ўйнагани, алоқаларнинг фаоллашувидан Хитой томони ҳам жуда мамнун эканини айтди. Ўзаро алоқаларда, халқларимизни янада яқинлаштириш, бир-бирларимизни янада яхшироқ билишимизда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлигига, ОАВ мамлакатлараро дўстлик кўприги эканига эътибор қаратди ва сафаримиз муваффақиятли ўтишига тилак билдирди.

Пекин нафақат мамлакат, балки дунёнинг энг йирик ва тараққий этган, замонавий шаҳарларидан бири эканини аввалдан биламан, лекин буни ҳис қилиш учун шаҳарга келиш, ўз кўзинг билан кўришинг керак экан.Ахир, юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деб бежиз айтмаганлар. Делегациямизга ажратилган микроавтобусда шаҳарнинг кенг, равон кўчалари, кўркам боғ-хиёбонлари бўйлаб борарканмиз, унинг ўзига хос меъморий услуби ҳайрон қолдирди.

ҲАМКАСБЛАР БИЛАН МУЛОҚОТЛАР

Халқаро теле ва радиоканаллар мамлакатнинг ўзига хос ташриф қоғози ҳисобланади. Сафаримизнинг дастлабки куни Хитой Халқ Республикаси Марказий телевидениеси – CCTVнинг рус тилидаги телеканали фаолияти билан танишганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Бу канал Хитой Марказий телевидениесининг халқаро дастурларида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб туради. Бу ерда бўлиб ўтган учрашувда рус тилидаги телеканал ўз фаолиятини 2009 йил 10 сентябрда бошлагани,МДҲ, Болтиқбўйи ва Шарқий Европада 300 миллионга яқин томошабинга эга экани маълум қилинди. Кўрсатувлар инглиз-рус логотипидан фойдаланган ҳолда икки йўлдош - Chinasat 6B и EB-9A. орқали эфирга узатилади. Биз канал фаолияти билан танишарканмиз, студиялар замонавий ахборот технологиялари ва бошқа техник жиҳозлар билан таъминлангани,журналистлар учун кенг шароитлар яратилгани гувоҳи бўлдик.    

 Хитой халқаро радиосидаги учрашувлар бунинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу халқаро радиоканал 1941 йилда ташкил топган бўлиб, 60 йилдан ортиқ вақт қисқа тўлқинларда, кейинги йилларда параллел равишда Интернет глобал тармоқда орқали ўз эшиттиришларини эфирга узатиб келади. Хитой халқаро эшиттиришлар тармоғи раҳбари эшиттиришлар аввало ер юзида тинчликни сақлашдек устувор мақсадга қаратилганини таъкидлади. Хитой халқаро радиоси дунё миқёсида энг йирик радиоканаллардан бири ҳисобланади: унинг таркибида 43 та эшиттиришлар хизмати бўлиб, уларда 3 мингнафардан ортиқ ходим томонидан 65 тилда дастурлар тайёрланади. 100 миллиондан ортиқ тингловчилар аудиториясига эга. Канал дунёнинг турли мамлакатларидаги 100 дан ортиқ радиоканаллар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Чет элларда 40 та мухбирлик пункти, 8 та ваколатхонаси бор. Ҳамкорлик муносабатлари асосан икки йўналишда амалга оширилади, биринчиси ходимлар алмашиш бўлса, иккинчиси дастурлар айрибошлаш ва малака ошириш курслари ташкил этишга қаратилган. Булар,албатта, ҳар икки томон учун ҳам манфаатли.

Мезбонлар яқин вақт ичида ўзбек тилида ҳам дастурларни эфирга узатиш режалаштирилаётгани, бунда хитой-ўзбек муносабатларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларни кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида ҳам тўхталдилар. Ҳозирча Тошкентда мухбирлик бўлимимиз йўқ, лекин уни ташкил этиш ҳаракатидамиз, дейишди улар.

“Жэньмин” газетаси дунё миқёсида ўз нуфузи, ўрнига эга бўлган оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланади. Газетанинг адади уч миллионга яқин экани ҳам медиа соҳада интернет нашрларнинг роли кучайиб, газета-журналларни сезиларли равишда сиқиштириб қўйган бир пайтда унинг нечоғлик оммавий эканидан далолатдир. Биз ушбу газетанинг янги ОАВ марказида бўлиб, унинг глобал тармоқда олиб бораётган фаолияти билан танишдик. Сайт обуначилари 48 миллион кишини ташкил этишини эшитганда, тўғриси, дилда ҳавас уйғонди. 

Бутунхитой журналистлар ассоциациясидаги учрашув томонлар ўртасидаги илиқ ва қизғин мулоқотга айланди. Бу табиий. Зеро, бизни хитойлик журналистларнинг бош ташкилоти фаолияти қизиқтирса, улар мамлакатимиз журналистлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўпроқ хабардор бўлиш иштиёқида эдилар. Шу куни ассоциация фаолияти билан яқиндан танишдик. Бутунхитой журналистлар ассоциацияси ижроия котиби Ван Дунмей бизга ташкилот фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Уюшмада 100киши фаолият олиб бораркан. Улар оммавий ахборот воситаларининг ривожланиш тенденцияларини ўрганишар, журналистларнинг замонавий билим-кўникмаларини оширишга қаратилган анжуманлар ташкил этишар экан. Журналистлар ўртасида ҳар йили энг фаол ижодкорни аниқлашга қаратилган ижодий танлов ҳам ўтказишар ва 10 нафар журналист тақдирланар экан. Мамлакат ОАВда 1миллион киши фаолият олиб боришини ҳисобга олганда, танловда нечоғлик рақобат кучли бўлишини тушуниш қийин эмас.

Биз ҳам мамлакатимизда журналистика соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида ҳикоя қилдик.Хусусан,давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда соҳани ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Фармон ва қарорлар, уларнинг ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар мезбонларда катта қизиқиш уйғотди.

Соҳани  кадрлар билан таъминлаш масалалари Хитойда қандай ҳал этилаётгани бизни қизиқтириши табиий ҳол. Хусусан, Хитой Халқ университети таркибида пойтахт ОАВни кадрлар билан таъминлаш мақсадида махсус журналистика институти ташкил этилган бўлиб, унда 1200 нафар талаба таҳсил олар экан. Биз ушбу ўқув юртида бўлиб, унинг фаолияти билан танишдик. Ҳар йили бакалавриатга 200 нафар талаба қабул қилиниб, улар иккинчи босқичдан алоҳида мутахассислик бўйича ўқир эканлар. Институтдаги ўқув студиялари энг замонавий техникалар билан жиҳозланган, бу эса, талабаларнинг амалий билим-кўникмалари шаклланишига хизмат қилади. Шу ўринда ўқиш пулли эканини ҳам таъкидлаш жоиз.

САМО ИБОДАТХОНАСИ

Пекиннинг марказий қисмида жойлашган Само ибодатхонасини бир бор томоша қилиш дунёнинг турли мамлакатларидаги саёҳат ишқибозларининг орзуси. ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон инсоният мероси рўйхатига киритилган бу нодир ёдгорлик шаҳар тимсолларидан ҳисобланади. Мажмуанинг умумий майдони 267 гектарни ташкил қилади. У 1420 йили Мин сулоласи ҳукмронлиги вақтида бунёд этилган бўлиб, аввалига Само ва Замин  ибодатхонаси деб аталган,кейинроқ, алоҳида Замин ибодатхонаси қурилганидан кейин у самога топиниш маскани вазифасини бажара бошлаган.

Ўзини Петр деб таништирган хитой гидининг ҳикоя қилишича, қарийб 500 йил давомида ҳар йили қиш вақтида энг қисқа кунда императорлар уч кунлик қатъий рўзадан кейин само учун хайр-саҳоват қилиш ниятида бу ерга келган эканлар. Хитойлар анъаналарига кўра, ер юзи ҳоқонларининг келиб чиқиши илоҳий ҳисобланган. Шунинг учун фақат император давлатнинг гуллаб-яшнашини, фасллар ўз вақтида келиши, ҳосил мўл бўлишини сўраб Самога ибодат қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Қадимий Шарқ санъатининг юксак намунаси бўлган ёдгорликни томоша қиларканмиз, кўз ўнгимизда олис даврлар гавдалангандек бўлди, бу буюк санъатни яратган соҳир қўлларга таҳсин ўқидик.

ХАНЧЖОУ: БИР МАКОН – БИР ЙЎЛ

Ханчжоу. Ўтган 2016 йил сентябрь ойи бошларида бу ном дунё аҳли диққат-марказини эгаллади, десак муболаға бўлмас. Чжэцзян провинциясининг бош шаҳри бўлган Ханчжоуда дунёнинг энг ривожланган 20 давлати раҳбарларининг 11-саммити бўлиб ўтган эди. Сафаримизнинг бир қисми шу заминда ўтди.

Чжэцзян Хитойнинг энг тараққий этган ва ривожланиш сари қадамларини тобора илдамлаштириб келаётган провинцияларидан ҳисобланади. Ханчжоу эса мамлакатдаги энг замонавий ва илғор шаҳарлардан бири. Мен нафақат ушбу провинция,балки умуман Хитойнинг бутун дунёни ҳайратга солиб келаётган жадал тараққиёти сирларини фақат меҳнат, интилиш ва изланиш деган тушунчалар билан боғлаган бўлардим. Ҳа, Хитой давлат томонидан олиб борилган туб ислоҳотлар туфайлигина эмас, халқининг ана шу фазилатлари билан қандайдир ўттиз-қирқ йил мобайнида дунёнинг энг илғор ва етакчи, ўз буюк ўрни ва ўткир сўзига эга мамлакатларидан бирига айланди.

Ханчжоу чин маънода замонавий ва жуда ривожланган шаҳар. Онлайнсавдо соҳасида дунёга танилган «Али Баба» компанияси шу ерда  жойлашган. Бу компания 1999 йили ташкил этилган бўлиб, фаолиятининг асосий йўналиши B2B схемаси бўйича компаниялар ўртасида савдо операциялари ва чакана онлайн-савдодан иборат. Ҳозирги пайтда у ўнга яқин шўъба компанияларга эга.35 мингдан ортиқ киши ишлайдиган компаниянинг даромади 158,3 миллиард CNYни ташкил этади. Қисқаси,у XXI аср тараққиётининг ўзига хос мўъжизаларидан бири ҳисобланади.

Биз шаҳардаги йирик Geely автомобиль компаниясида ҳам бўлдик. Компания асосан Geely енгил автомашиналари, мотоцикллари, двигатель ва трансмиссияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унда 18 мингдан ортиқ киши хизмат қилади. Шаҳарликлар ўтган йилги саммит иштирокчиларига айни шу компанияда ишлаб чиқарилган муҳташам енгил машиналар хизмат кўрсатганини фахрланиб гапиришди.

Биз саммит ўтган масканда ҳам бўлдик. Энг юксак технологиялар асосида бунёд этилган бу улуғвор бино чин маънода энг йирик ва юқори даражадаги анжуманлар ўтказишга мосланган.Эътиборлиси, бу иншоот туристлар ва шаҳар меҳмонлари ташриф буюрадиган жойга айланиб қолган экан.

Ханчжоуга ташрифимизни, табиийки, ўз ҳамкасбларимиз билан учрашувларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Провинция телерадиокомпанияси фаолияти билан танишдик.Маълумот беришларича, компанияда 20 та телерадиоканал бўлиб, уларда 6000 дан ортиқ ходим фаолият олиб борар экан. Аудиторияси қамрови 1 миллиард кишини ташкил этади. Студиялар замонавий, янгиликлар асосан бевосита эфирда берилади. Бевосита эфирга кўп уланишлари, шоу-кўрсатувларнинг қизиқарли тайёрланиши бизга манзур бўлди.

Хуллас, учрашувлар тадбирларга, самимий мулоқотлар файзли суҳбатларга уланади. Кўрган-кечирганларимиз дилда янги ғоялар, фикрлар уйғотади, янги ташаббусларга ундагандек бўлади. Бироқ, ҳар бир ибтидонинг интиҳоси  бўлганидек, бизнинг Хитойга ташрифимиз ҳам охирлаб қолганди. 27 ноябрь куни хитойлик дўстлар билан хайрлашиб, Ватанга йўл олдик. Самолёт гоҳ оқ-парқу булутлар оша, гоҳ уларни ёриб ўтиб Тошкент сари парвоз қилади. Менинг эса кўз ўнгимда ҳозиргина якун топган Хитой билан иккинчи танишувим манзаралари чизилади. Хаёлга барчага таниш бўлиб қолган бир ибора келади: Бир макон – бир йўл.

Бизни олис тарих, дунё тамаддуни бешиклари, буюк ипак йўли бирлаштиради. Истиқбол йўлимиз, орзуларимиз ҳам бир: инсонлар манфаати, халқлар тинчлиги, фаровонлиги йўлидаги ривожланиш, интилиш ва ўзаро мулоқотда бўлиш...

Шерзод ҒУЛОМОВ,

Ўзбекистон электрон ОАВ Миллий ассоциацияси бошқаруви раиси ўринбосари – бош директор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

«Туркистон-пресс».