2017-12-11 19:49:00

БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗ БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бугунги кунда биз ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар, ўз қатъий позициясига эга, юрт тақдирига дахлдор фидойи инсонлар сифатида камол топишимиз йўлида амалга ошираётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлари, янги босқичда бошлаган шиддатли ислоҳотлари барча тенгқурларим қатори менинг ҳам қалбимда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Мана шундай бетакрор диёрда, Президентим ва халқимнинг доимий эътибори ва ғамхўрлиги остида тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечираётганимдан миннатдор бўлиб, шукроналар қиламан.

Шу кунларда эркин ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати бўлмиш Бош Қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини муносиб нишонламоқдамиз. Барча тенгдошларим қатори менинг ҳаётимда ҳам Бош Қомусимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс, албатта. Энг аввало, мен қонун билан кафолатланган ҳуқуқларимдан фойдаланиб, ўзим танлаган соҳа бўйича олий таълим муассасасида таҳсил олмоқдаман. Бу Конституциямизда инсон қадр-қиммати, манфаати, шаъни ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилгани самарасидир.

Таъбир жоиз бўлса, Конституциямизда белгилаб берилган ва кафолатланган деярли барча ҳуқуқ ва эркинликлар биз ёшлар учундир. Шунингдек, ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалардаги ҳуқуқларимиз Конституция асосида қабул қилинган кўп сонли махсус қонунлар билан ҳам таъминланади. Таълим тўғрисида, тадбиркорлик, меҳнатга оид қонунлар, жамоат бирлашмалари, виждон эркинлиги, жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидандир. Бу қонунлар бизнинг нафақат бошқалар билан тенг ҳуқуқли бўлишимизни таъминлайди, балки кўпгина имтиёзлар ва қўшимча кафолатларни ҳам ҳадя этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладим. Ушбу кенг қамровли маърузада биз ёшларга яна бир бор эътибор қаратилгани, айниқса мени ниҳоятда тўлқинлантирди.

“Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ”,– деди жумладан давлатимиз раҳбари.

Ҳа, биз – бугунги ўзбек ёшлари Президентимизнинг бу юксак ишончига жавобан фақатгина аъло ўқиш, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз иқтидор ва салоҳиятларимизни тўлиқ намойиш этиш, ватанпарвар бўлиш, ҳар томонлама етук, комил шахслар бўлиб шаклланишга сидқидил ҳаракат қилишимиз шарт ва зарур. Конституциямизнинг маъно-мазмунини, унинг истиқлол йилларида эришилган улкан тарихий ютуқ эканлигини теран англаб, Бош Қомусимиз биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя эканлигини ҳис этиб яшашимиз лозим.

Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек: “... биз ўз фаолиятимизни «Буюк келажагимиз бугундан бошланади» деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур”.

Бу даъватга жавобан биз ёшлар ҳам Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган бурч ва мажбуриятларимизни виждонан бажариб, Конституция ва қонунларга риоя этиб, буюк келажагимизни бунёд этиш йўлида сидқидил саъй-ҳаракатларни амалга ошираверамиз.

Санжарбек ТЎХТАСИНОВ,

Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабаси.

“Туркистон-пресс”.