2017-12-11 20:02:00

БОШ ҚОМУСИМИЗНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ

Ўзбекистон Адвокатлар палатасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан “Конституция – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Конституциясининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмунини чуқур ўрганиш, аҳоли орасида Конституцияни ўрганишни кенг тарғиб қилиш экани таъкидланди. Шунингдек, Конституциямиз қабул қилингандан буён ўтган даврда мамлакатимизда эришилган барча ютуқлар, хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарали механизмлари жорий этилгани, фуқаролик жамияти асосларининг вужудга келгани ва ривожланиб бораётгани, инсон ҳуқуқлари, эркинликларининг таъминланиши, эркин бозор иқтисодиётига ўтилиши айнан Бош қомусимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунларнинг изчил амалга оширилиши натижасида қўлга киритилгани айтиб ўтилди.

Конституция халқимизнинг ўзини-ўзи бошқариш, эркинлик, ижтимоий адолат, инсонпарвар, демократик давлат барпо этиш тўғрисидаги азалий орзулари ифодасидир. Ўтган йилларда мамлакатимиз тараққиёт босқичларига ҳамоҳанг тарзда Конституциямизга муайян ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу жараёнда ҳар қайси ҳокимият тармоғи, у қонунчилик, ижро ёки суд ҳокимияти бўладими, ўзига юклатилган ваколат ва вазифаларни тўлиқ бажаришига кўмаклашадиган қоидаларнигина асосий қонунга киритишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, кейинги йилларда Конституциямизга киритилган ўзгартиришлар, мамлакатимизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни ҳамда юртимизда демократлаштириш ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ННТлар фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Иштирокчиларга Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, Бош қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди. “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фаровонлигимиз кафолати”, “Мамлакатимизда ННТларнинг ривожланиши ва истиқболлари” мавзуларида маърузалар тингланди.

– Бош Қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ННТ ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциаси ижрочи директори вазифасини вақтинча бажарувчи Санжарбек Рўзиев. – Бугунги тадбирда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлангани, аҳолининг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳиссини янада кучайтириш хусусида эркин суҳбат қилинди. Ана шу ғояларни аҳоли, айниқса, ёшларимиз онгига сингдириш баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

Тадбир якунида Конституциямизнинг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшиб келаётган фаол ННТлар вакилларига ЎзННТМА томонидан ташаккурнома ва бошқа совғалар топширилди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон-пресс”.