2017-12-11 17:13:00

10 ДЕКАБРЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН

Қудратли мамлакатимизнинг бепоён кенгликлари, гўзал табиати, пурвиқор тоғларию жаннатмонанд боғлари, кўҳна дарёларию ойдин кўллари, кўкка бўй чўзган шаҳарларию чирой очган қишлоқлари, буюк аждодларимизнинг барҳаёт сиймолари ва уларга муносиб авлодларнинг азму шижоатга тўла нигоҳлари, бағрикенг, меҳмондўст халқимизнинг юксак бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳияти, бугуни ва эртаси, сарҳадларда сергак турган тинчлик посбонларию бахтли ҳаётдан масрур ўғил-қизларнинг шодон кулгулари, мустақил Ватанимизнинг шону шуҳрати...

Ҳар тонг давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни кутиб олар эканмиз, кўз олдимизда ана шу манзара намоён бўлади. Унинг ҳар бир чуқур маънога эга сатри, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳиссини жўш урдиради.

Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир.

Шу боис Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан халқимизнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди.

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт.

Миллий мадҳиямиз муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.

– Давлатимиз мадҳияси қудратли кучга эга. Она Ватанини севган, ўзи туғилиб ўсган юртга ўзини дахлдор деб билган ҳар бир киши унинг қудратию залворини ҳис қилиши шубҳасиз, – дейди бокс бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам Ғиёсов. – Халқаро спорт ареналарида юрт шаъни учун майдонга чиққан ҳар бир спортчининг хаёлида Она Ватан байроғини баланд кўтариш, мадҳиясини баралла янгратиш фикри, истаги уни бир зум бўлса ҳам тарк этмайди. Ҳар сафар нуфузли мусобақаларда ғалабамиз шарафига мадҳиямиз янграганида, Ўзбекистон фарзанди эканимиздан дилимизда чексиз фахр туямиз. Бу туйғу бизга улкан ғайрат-шижоат бағишлайди, янгидан-янги ғалабалар сари руҳлантиради.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.

Ўтган йили мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бу йил давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди...

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлини инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг тинч-осойишта, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш асосига қурди, халқаро ҳамжамиятга фаол интеграциялашув жараёнида тенгҳуқуқлилик тамойили асосида “тенглар ичра тенг” бўлиши, тинчлик ва барқарорлик сиёсатидан оғишмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ишлар юксак босқичда давом эттирилмоқда. 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланиши, давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилиши, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши, барча соҳаларда улкан ислоҳотларнинг амалга оширилиши, дунё давлатлари, халқаро нуфузли ташкилотлар билан амалий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши – барча-барчасининг замирида халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, бугунидан рози бўлиб, келажагига қатъий ишонч билан яшашини таъминлаш мақсади мужассамдир.

Ҳа, халқимиз омон экан мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этади, улуғ халқнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Бу қўшиқ она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.

Байрам АЙТМУРОДОВ, ЎзА