2017-12-15 17:08:00

БАНК ХИЗМАТ ТУРЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

“Турон банк” АТБ Фарғона филиали бир неча йилдирки, корпоратив ва хусусий мижозларга банк хизматларининг тўлиқ мажмуасини кўрсатиб келмоқда. Жумладан, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, асосий тармоқларнинг барқарор ишлаши ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, шунингдек,.кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарини юксалтириш бўйича вазифаларни амалга ошириш филиалимиз фаолиятининг муҳим таркибий қисмидир.

Мамлакатимизда тадбиркорликни жадал тарзда ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар филиалимизга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ўз ресурслари ҳисобидан бериладиган кредитлар ҳажмини кўпайтириш имконини берди.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида банкимиз томонидан кичик бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан 9623,0 млн.сўмдан зиёд кредит маблағлари берилди. Шундан саноат тармоқлари учун ажратилган кредитлар 250,0 млн., қишлоқ хўжалиги учун кредитлар 998.0 млн., савдо ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 990,0 млн., бино ва иншоотлар сотиб олиш учун 1140,0. млн., хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 6120,0 млн. ва бошқа соҳаларга 300,0 млн.сўмни ташкил қилади.

Филиалимиз томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун ажратилган кредитларнинг умумий ҳажмида 3791,0 млн.сўмни ташкил этган бўлса, мижозларга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўп кредит маблағлари беришга эришилди, ўз навбатида, 64 та янги иш ўринлари яратилди.

Банк филиали томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган товарларни ишлаб чиқаришга, маҳаллий ҳом-ашёни қайта ишлаш ва янги иш ўринларини яратиш ҳисобига маҳсулотни кўпайтиришга йўналтирилган лойиҳаларга алоҳида этибор қаратилмоқда.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, АТБ “Туронбанк” Фарғона филиали чакана хизматлар бўлимида ҳозирда 4 та мини банк орқали аҳолига сифатли банк хизматлари кўрсатилмоқда. Филиал томонидан жисмоний шахслар учун миллий валютамиз сўмда “Қулайлик”, “ Наврўз”, “ Хазина-1”, “Тўёна”, “Шодиёна”, “Файз”, “Оила қувончи”, “Коммуналчи”, “Байрам” каби ўндан ортиқ ҳамда чет эл валютасидаги “Классик”, “Классик-3”, “Моней плюс-6” каби 5 дан ортиқ юқори фоизли омонат турларини 3 ойдан 18 ойгача муддатга тақдим этилмоқда. 2017 йилда филиал томонидан янги  омонат турларини  юртдошларимизга тақдим этилди.

Филиалимиз ва унинг минибанклари орқали чет элларда ишлаётган ва ўқиётган ҳамюртларимиз томонидан ўз яқинларига жўнатилган чет эл валютасидаги пул жўнатмаларини олиш имконияти ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Ҳозирда “Вестерн Юнион”, “Контакт”, “ Анелик”, “Быстрая почта”,“Мигом”,“Юнистрим”, “Золотая корона”“Алюр”,“Мони грам”каби халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишлаб турибди.

Шунингдек, корхона ва муассасалар билан иш ҳақи лойиҳаси бўйича қатор шартномалар тузилган. Уларга асосан, муомалага чиқарилган сўм пластик карточкалари, дуэт ва смарт виста онлайн тизимида ишлайдиган карталар орқали малакали хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ҳозирда ишлаб турган терминаллар ва инфокиосклар онлайн ва дуэт тизимида мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Шу билан бирга, “Интернет банкинг”, “СМС банкинг”, “Мобайл банкинг” каби юқори технологияларга мосланган замонавий банк хизматлари таклиф этилган бўлиб, мижозлар интернет ва мобиль телефонлари орқали банкимизга келмасдан банк ҳизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишмоқда. Ушбу хизмат турларидан фойдаланаётган мижозлари сони тобора ортиб бормоқда.

Зоҳиджон ОБИДОВ,

АТБ “Туронбанк” Фарғона филиали бошқарувчиси.

“Туркистон-пресс”