2017-12-15 17:17:00

ТЕКШИРИШЛАР ҚОНУНГА ХИЛОФ ЭМАСМИ?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Ушбу Фармон билан белгиланган муҳим йўналишлардан бири ноқонуний текширишлар ўтказилишини олдини олиш, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва зарар етказилишига йўл қўймасликдир.

Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар зиммасига мазкур Фармон билан тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш юклатилди.

Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишларнинг қонунчилик талабларига мослиги тизимли равишда таҳлил қилиб борилмоқда.

Таҳлил натижалари тадбиркорлик субъектларини назорат қилиш ваколатига эга бўлган айрим вазирлик ва идораларда текширишларни тартибга солишга доир қонунчилик талаблари ходимларга етказилмаганлиги ва бу борада талаб даражасида назорат ўрнатилмаганлиги натижасида ноқонуний текширишларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.

Жорий йилда ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, аниқланган ноқонуний текширишларга йўл қўйилишида айбдор бўлган раҳбар ва мансабдор шахсларнинг интизомий жавобгарлигини кўриб чиқиш тўғрисида тегишли вазирлик ва идораларга 17 та тақдимнома киритилди.

Хусусан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги назорат органларига 5 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги назорат органларига 3 та, Ички ишлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда «Ергеодезкадастр» давлат қўмиталарига 2 тадан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва «Автодарётранс» агентлигига 1 тадан тақдимномалар киритилди.

Ушбу тақдимномалар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиб, ноқонуний текширишларга йўл қўйганлиги учун 7 нафар раҳбар ва мансабдор шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 14 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 7 нафарига «хайфсан» ёки «танбеҳ» интизомий жазо чоралари қўлланилди, 8 нафар ходим ўртача ойлик иш ҳақининг 20-50 фоизигача жаримага тортилди.

Хусусан, 2017 йил июн-июль ойларида 18 та тадбиркорлик субектларида Кенгаш билан келишилмаган ҳолда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун «Ўзавтодарётранс» агентлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 132-ш-сонли буйруғига асосан агентликнинг Фарғона вилояти бўлинмаси шўъба мудири Х.Турсунов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Андижон туманидаги «Мухтор» фермер хўжалигида 2017 йил 9 январда ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Андижон вилояти бошқармасининг 2017 йил 27 октабрдаги 69-сонли буйруғига асосан ушбу туман бўлим бошлиғи Д.Абдурашидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, ушбу қўмитанинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Ромитан тумани бўлинмаси ходимлари томонидан 2017 йил 8 июнда «Шавкат Шариф ўғли» деҳқон хўжалигида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун вилоят бошқармасининг 2017 йил 25 октабрдаги тегишли буйруқлари билан бошқарма мутахассиси Ш.Даминов ва Ромитан тумани бўлинмаси бошлиғи У.Султонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси ходимлари томонидан 2017 йил 6 апрелда «Гулистон кино» хусусий корхонасида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги ҳолати бўйича вилоят божхона бошқармасининг 2017 йил 29 майдаги 13-ш/т-сонли буйруғига асосан бошқарма ходимлари М.Усмановга «хайфсан» ва А.Қурбоновга «танбеҳ» интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шунингдек, Чиноз тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари М.Нусратов ва Ж.Муродов томонидан 2017 йил 30 май куни «Интер Медиа Солутион Гроуп» МЧЖ фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун М.Нусратовга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилди ҳамда шўъба бошлиғи Ж.Муродов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан 2017 йил 1 апрель куни якка тартибдаги тадбиркор «Д.Юлдашев» фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказилганлиги учун участка давлат солиқ бош инспектори А.Жовлиевга нисбатан «хайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилиб, ушбу ходимнинг хўжалик юритувчи субектларда текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатишга мажбур эканликлари белгиланган.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 16-моддасига биноан текширилаётган хўжалик юритувчи субект текшириш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик ҳуқуқига эгадир.

Шу муносабат билан ноқонуний текширишларни олдини олиш кафолати сифатида текширишга келган ҳар қандай назорат органи мансабдор шахсларининг тақдим этган ҳужжатлари ёки уларнинг ҳаракатлари шубҳа уйғотган тақдирда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ишчи органининг 0 (371) 244-89-46 ёки 244-98-28 рақамларига қўнғироқ қилиб, бу масалаларга аниқлик киритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси.

“Туркистон-пресс”.