2017-12-15 17:27:00

ПРЕЗИДЕНТ МАЪРУЗАСИНИ ЎҚИБ...

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги маърузасини ўқиб, мамлакатимизда олиб борилаётган устувор сиёсат фақат инсон манфаатига қаратилаётгани оддий фуқаро сифатида мени чексиз тўлқинлантирган бўлса, партия ходими сифатида — шу юрт ривожи, халқ фаровонлиги йўлида мендан катта масъулият, юксак салоҳият ҳамда фидойилик талаб этилаётганини англадим. Маърузада нафақат мен, балки шу юрт учун ўзини жонкуяр ва фидойи деб билган ҳар бир фуқаро она Ватани, ўз оиласи олдида камарбаста бўлиши ҳамда эртанги келажак учун бугун муносиб қадам ташлаши бот-бот таъкидланган.

Бу нимани англатади? Эндиликда қайси бир соҳада, қайси поғонада ишламайлик, биздан ўз вазифамизга сидқидилдан, садоқат билан ёндашиш, ҳалоллик ва адолат мезонига амал қилган ҳолда халқ манфаати йўлида беминнат хизмат қилиш, жасорат кўрсатиш ва бу орқали буюк келажакни ўз қўлимиз билан яратмоғимиз, ўз тараққиётимизни ўзимиз белгиламоғимиз лозим.

Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек, Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт. Зеро, юксак маънавият, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш ўзликни англашдан бошланади. Ана шундай эзгу тушунча ҳар бир инсоннинг виждони ва қалбидан жой олса, ҳавас қилса арзийдиган ижтимоий, иқтисодий ривожланган ҳамда демократик тамойилларга эга бўлган буюк давлатга эга бўламиз. Бунинг учун ҳар бир фуқаро қонунларни наинки ҳурмат қилиши, балки уларга тўғри амал қилган ҳолда муносабатда бўлиши лозим. Зеро, қонун устуворлиги ҳуқуқий демократик давлатга хос бўлиб, у жамиятнинг барча соҳаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва кафолатлашга хизмат қилади. Шундай экан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш, умуман, одамларда бу борада янгича дунёқарашни шакллантириш бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда биз сиёсий партиялар фаоллари олдидаги долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Мазкур маърузани қайта-қайта ўқиганинг сари ҳар бир айтилган сўз замирида, ҳар бир ислоҳотнинг туб моҳиятида инсон омилига қаратилган юксак эътибор ва ғамхўрликни кўриш мумкин. Шу боис биз партия фаоллари ҳамда депутатлар ҳаётимиз ва фаолиятимиз учун дастуриламал бўлган ушбу маърузада белгилаб берилган саккизта йўналишдаги энг устувор масалалар, шунингдек, партия дастурий мақсад-вазифаларимизга ҳамоҳанг бўлган суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, буюк аждодларига муносиб, ҳар томонлама рақобатбардош баркамол авлодни тарбиялаш, тарихий, маънавий ва маданий меросимизни сақлаш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш каби вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур таҳлиллар асосида ўрганиб, уни кенг аҳоли, айниқса, электоратимиз орасида тарғиб қилиш, тушунтириш ишларини олиб боришимиз лозим.

Зеро, Президент маърузасида илгари сурилган энг муҳим саккизта устувор масаланинг ҳар бири ўта ҳаётий ва долзарб вазифалар ҳисобланиб, унинг ижросини сифатли ва самарали таъминлаш, аввало, халқ фаровонлиги, инсон ҳуқуқ-манфаатлари, одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб, ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,

ЎзМТДП Марказий кенгаши ходими.

“Туркистон-пресс”.