2017-12-15 18:28:00

“DOCTOR FAMILY” – ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Наманганда “Doctor Family” хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов. – Ушбу ҳужжат қабул қилингунга қадар вилоятимизда 260 хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритган бўлса, ўтган қисқа даврда уларга яна 8 хусусий шифо маскани қўшилди. Улар амбулатор ва стационар шароитда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

“Doctor Family” клиникаси ҳам тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятларнинг амалдаги ифодасидир.

Тўрт қаватли шифохона биносининг қурилиши, зарур жиҳозлар ва тиббиёт ускуналари учун 2 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди, 25 янги иш ўрни яратилди.

– 60 ўринга мўлжалланган шифохонанинг неврология ва терапия бўлимларида беморлар стационар шароитда даволанади, – дейди клиника раҳбари Б.Санжаров. – Диагностика, лаборатория бўлимлари хориждан келтирилган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган.

Иштирокчилар янги шифо масканида яратилган шароитлар билан танишди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров қатнашди ва сўзга чиқди.

Абдусаттор САТТОРОВ.

“Туркистон-пресс”.