2017-12-15 18:31:00

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Мурожаат қилиш – фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Мурожаатлар орқали одамларнинг кайфияти, шарт-шароити, олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини билиш мумкин. Мурожаатларга муносабат тубдан ўзгаргани сабаб халқимиз давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканлигини, халқ манфаати устуворлигини ўз ҳаётида яққол ҳис қила бошлади.

Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид қўйилган вазифанинг амалда таъминланаётгани натижасидир.

Маълумки, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастурига биноан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган эди.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилиши белгиланган:

мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг интерактив усулларини кенгайтириш;

мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларини нашр этиб бориш;

такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш, фуқароларни сайёр қабул қилиш хусусиятлари;

видеоконференцалоқа ёрдамида фуқароларни масофавий қабул қилишни ташкил этиш;

“Халқ қабулхонаси” институтининг умумий қоидаларини белгилаш;

“Ишонч телефонлари” орқали мурожаатни қабул қилиш, кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш мақсадида 2017 йил 11 сентябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Унинг мақсади – давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Янги таҳрирдаги Қонуннинг энг муҳим янгилиги, биринчидан, унинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилишидадир. Бунинг моҳияти шундаки, аввалги Қонунда давлат органларига мурожаат қилиш кафолатлари акс этган бўлса, энди бунинг доираси кенгайтирилди. Яъни, энди давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилотларига мурожаатлар ҳам қонун ҳимоясида бўлади.

Иккинчидан, Қонунга “Асосий тушунчалар” деган янги модда киритилди. Унда мурожаатлар амалиётида кўп учраётган янги тушунчаларнинг мазмуни белгилаб берилди. Улар қаторидан “электрон мурожаат”, “такрорий мурожаат”, “аноним мурожаат”, “мурожаатнинг дубликати”, “оммавий қабул”, “видеоконференцалоқа”, “давлат иштирокидаги ташкилот” кабилар ўрин олган.

Учинчидан, мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Яъни, Қонунда анъанавий принциплар билан бир қаторда мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансоларликка йўл қўйилмаслиги каби махсус принциплар белгиланди.

Тўртинчидан, Қонунда янги институт – жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг оммавий қабулларини ташкил этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Эндиликда оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.

Бешинчидан, Қонунга “Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар” номли янги боб киритилди. Мазкур бобда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси, уларнинг асосий вазифалари, Президент Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Президентнинг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш, давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш каби масалалар қонунан тартибга солинди.

Олтинчидан, маълумки, ҳар қандай ишда муваффақият гарови бу – қатъий тартиб-интизом ҳисобланади. Бунда иш юритиш тартибини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Мурожаатлар билан ишлашда турлича амалиётга чек қўйиб, ягона тартиб ўрнатиш мақсадида Қонунга алоҳида “Мурожаатлар бўйича иш юритиш” деб номланган янги модда киритилди. Унда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши кераклиги белгилаб берилди.

Еттинчидан, Қонунга мурожаат этувчини эшитиш, деган янги процессуал ҳаракат киритилди. Унда мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, бошқа ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин.

Саккизинчидан, Қонуннинг 27-моддасида мурожаатларга жавобларга нисбатан ягона талабларни белгилаш мақсадида янги модда киритилди. Унга кўра, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади. Бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди. Жамоавий мурожаатларга жавоб, агар мурожаатда жавобни бошқа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади.

Тўққизинчидан, Қонунда мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш ҳолатлари аниқ белгилаб қуйилди.

Жумладан, агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;

агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;

мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;

агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилмаслиги Қонунда назарда тутилган.

Ўнинчидан, Қонунда жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шартлиги белгиланди.

Ўн биринчидан, Қонунда мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахслар томонидан бир қатор ҳуқуқларга эга бўлиш доираси кенгайтирилди.

Масалан, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахслар, мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиши; ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиши; мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиши мумкинлиги қонунан мустаҳкамлаб қуйилди.

Ўн иккинчидан, Қонунда мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органининг, ташкилотнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам кенгайтирилди.

Ўн учинчидан, давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга ошириши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўриши Қонунда белгилаб берилди. Шунингдек, оралиқ жавоблар берилганлиги ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмаслиги ҳам қатъий белгиланди.

Ўн тўртинчидан, Қонуннинг 33-моддасида давлат органлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитиши ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини оширишига оид талаблар белгиланган.

Ўн бешинчидан, давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш борасидаги вазифалари кенгайтирилди. Яъни, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисобини юритади ҳамда ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштиради ва таҳлил қилади.

Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозимлиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирда қабул қилинган мазкур Қонун мурожаатлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтаётганлигимизнинг ҳуқуқий асосидир. Унинг туб моҳиятига халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги сингдирилган.

Суҳроб ИНАТОВ,

Зуҳриддин НЕЪМАТХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчилари.