2017-12-18 10:10:00

БИЗ СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ

Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича туман биринчилиги ташкил этилди.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказиш, бунинг баробарида, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида Янгибозор тумани ҳокимлиги, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик  партияси  ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгашлари  ҳамкорлигида уюштирилган мазкур мусобақа янгибозорлик  ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Якуний натижаларга кўра, Сухроб Исмоилов, Мансур Абдуллаев, Жонибек Давлатов, Уллижон Давлатова ва Бегойим Раҳимбоевалар ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг биринчи поғанасини эгаллашди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор белбоғли курашчилар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланишди.                             

                                                                                       Бекберган БОЛТАЕВ,

“Туркистон-пресс”