2017-12-18 16:06:00

БАЛИҚ ЕТИШТИРИШ КЎПАЙМОҚДА

Президентимизнинг жорий йилдаги "Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори балиқчиликка ихтисослашган хўжаликлар фаолияти самарадорлигини янада оширишда уларни молиявий,ҳуқуқий томондан қўллабувватлашда муҳим омил бўлмоқда.Соҳа ривожида яратилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, балиқчиликни ривожлантираётган тадбиркорлардан бири Фориш туманидаги "Sultonbek baliq" хусусий корхонаси раҳбари Шербек Камоловдир. Корхона жамоаси йил бошидан буён халқимиз дастурхонига 150 тонна сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб берди.

 — Мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, имтиёзли кредитлар ажратилаётгани туфайли маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳам, истеъмолчилар талаби ҳам кўпаймоқда, — дейди Шербек Камолов. — Бу йил "Ипотекабанк" АТБнинг туман филиалидан олинган 200 миллион сўм кредит эвазига сунъий ҳавзамизни янада кенгайтирдик. Йил охиргача балиқ етиштириш ҳажмини 200 тоннага етказиб, 1 миллиард 625 миллион сўм даромадни мўлжалламоқдамиз.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда балиқчилик хўжаликларига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, тадбиркорлар сони ҳам ортиб бормоқда. Айни пайтда туманда балиқчилик хўжаликлар сони 54 тага етди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон пресс” мухбири