2017-12-18 17:14:00

АДЛИЯ ВАЗИРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДА БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов, вазир ўринбосари А.Ташкулов, вазирлик ҳамда Фарғона вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида 200 нафарга яқин аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг Ахборот хизмати.

Бўлиб ўтган мулоқотларда 189 та мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисмини, яъни 41 таси уй-жой ва ер ажратиш, 34 таси кўмир ва газ таъминоти, 33 таси ҳуқуқий идоралар ва суд қабул қилган қарорлардан норозилиги, 29 таси иш билан таъминлаш ҳамда 13 таси тадбиркорлик фаолияти соҳаси билан боғлиқдир. 50 дан ошиқ мурожаат жойида ҳал этилди.

Жойида ҳал этилган мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолияти, иш билан таъминлаш, кўмир ва газ таъминоти, аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш ва унинг саломатлигини тиклаш соҳаларига тўғри келади.

Мисол учун, узоқ муддат давомида ҳал этилмай келинаётган “Универсал Алекс” кичик корхонаси ва “Фарғона азот” АЖ, “Фергана Фортуна Атлантик Оил” ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 кВтлик уч фазали электр таъминотига уланиш келишувига эришишига амалий ёрдам берилди. Шунингдек, 11 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 7 нафар фуқарога моддий ёрдам ва саломатлигини тиклаши учун тегишли ордер ва йўлланмалар олинишига амалий кўмак кўрсатилди.

Шу билан бирга, мулоқотларда фуқаролар томонидан билдирилган 130 та мурожаатнинг ижроси Адлия вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”.