2017-12-19 18:55:00

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚИЙ ОНГИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ЖУРНАЛИСТЛАР ЎРНИ

Самарқанд вилоят Матбуот уйида журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Канаданинг маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун «Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги: ОАВ ресурсларидан фойдаланиш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренинг журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳатлар олишни самарали йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди. Мазкур семинар-тренинг эркин мулоқот тарзида, турли машғулотлар асосида ташкил этилди.

– Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг доценти Н.Қосимова. – Фуқаролар бу ўзгаришлардан хабардор бўлиши лозим. Бу борада оммавий ахборот воисталари муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, журналистлар ҳуқуқий билимларини ошириб бориши, адолатли суд жараёнлари моҳиятини теран англаши, фуқаролар ҳуқуқий онгини шакллантириш учун малакали ахборот бера олиши керак.

“Туркистон-пресс”