2017-12-19 19:19:00

СЕРБИЯЛИК МУТАХАССИС ЗАВИША МИЛОСАВЛЕВИЧ ЎФФ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

         Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, ҳудудларда болалар ва ўсмирлар орасида футболни янада оммалаштириш борасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан биринчи галда болалар мураббийларининг малакасини оширишга алоҳида аҳамият қаратиляпти.

Футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга энг асосий вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Вилоятлар тўртта ҳудудга бўлинган ҳолда, ҳар бир ҳудуд учун бир нафардан хорижлик мутахассис жалб қилиниши ҳақида илгари ЎФФ матбуот хизмати хабар берган эди. Мана шу мақсадда сербиялик 56 ёшли мутахассис Завиша Милосавлевич пойтахтимизга ташриф буюрди. У Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашиб, мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш бўйича ўзининг дастурини тақдим этди.

ЎФФ раҳбарияти томонидан бу дастур ўрганиб чиқилиб, маъқул деб топилса, Завиша Милосавлевич билан шартнома имзоланади.

У 3-ҳудуд ҳисобланган водийда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида иш олиб боради. Завиша Милосавлевич ҳудудлардаги болалар футболи мураббийлари билан учрашиш, у ердаги ҳолатни ўрганиш мақсадида, вилоятларда бўлиши ҳам режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”