2017-12-19 20:00:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ТУРКИЯ ҲАМКОРЛИК ВА МУВОФИҚЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИ ПРЕЗИДЕНТИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) президенти Сердар Чамни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширилган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиққанини мамнуният билан таъкидлади.

Бугунги кунда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда савдо, саноат, инвестиция, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда истиқболли дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани ижобий баҳоланди.

Бўлиб ўтган мулоқот давомида ТИКАнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Ўзбекистонда Агентлик томонидан шу кунгача 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700 га яқин грант лойиҳалари амалга оширилган.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, бу борада ТИКАнинг Ўзбекистондаги фаолиятини аниқ лойиҳалар асосида ва тизимли равишда ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада “Йўл харитаси”ни қисқа муддатда ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришиш муҳимлиги, шу муносабат билан, иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш бўйича келишиб олинди.

ТИКА раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда ушбу мамлакат Бош вазири Бинали Йилдиримнинг эзгу тилакларини етказди.

Сердар Чам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар этган ҳолда, уларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишга турк томонининг тайёр эканини билдирди.

“Туркистон-пресс”