2018-01-17 11:38:00

ЙИЛ САРҲИСОБИ

6 январь куни  пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашаган Белбоғли кураш федерациясининг офисида Белбоғли кураш бўйича ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Федерация раисининг ўринбосари Аъзамжон Шокиржонов раислигида ўтган мазкур конференцияда федерациянинг 2011-2017 йиллар давомидаги фаолияти кўриб чиқиш, федерация раисини  ҳамда федерация кенгаши таркибини сайлаш тўғрисида бўлиб ўтди.

Дастлаб, федерация раиси вазифасини вақтинча бажариб келаётган Равшан Дастиров сўзга чиқиб, федерация  томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишлар хусусида ахборот бериб ўтди.  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар федерацияларидан ташриф буюрган вакиллардан иборат делегатлар  эса,  Р. Дастировнинг ҳисоботини ўз чиқишлари орқали маъқуллашди. Шундан сўнг Кенгаш аъзоси, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов федерация раислигига Белбоғли кураш федерациясининг амалдаги раиси Равшан Дастиров номзодини таклиф этди. Ушбу номзод йиғилган делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Шунингдек, ҳисобот-сайлов конференцияси кун тартибидан ўрин олган Кенгаш таркибини тузиш ҳам кўриб чиқилди ва етти кишидан иборат аъзоларни делегатлар қуйидаги тартибда сайлашди: Кенгаш раиси Равшан Дастиров,  федерация бош котиби Абдихалил Маликов, катталар терма жамоаси бош мураббийи  Аъзамжон Шокиржонов, раис ўринбосари Фаррух Савриддинов, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов, Наманган вилояти белбоғли кураш федерацияси бош мураббийи Неъматжон Тўйчиев, Хоразм вилояти белбоғли кураш федерацияси ижрочи директори Бекберган Балтаев.

Айтиш жоизки, миллий спорт туримиз саналаган белбоғли кураш билан ошно тутинган полвонларимиз ўтказилаётган нуфузли халқаро беллашувлардан совринсиз қайтмаётгани бор ҳақиқат. Бунга оддий бир мисол. Ўтган йили Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳрида ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинлари иштирок этган белбоғли курашчиларимиз тўртта олтин, ўнта кумуш ва ўн саккизта бронза медалларини қўлган киритган. Ёки ўтган ойнинг 25-27 декабрь кунлари Россиянинг Қозон шаҳри мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида битта олтин, олтита кумуш, учта бронза медалларига эга бўлиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни банд этишгани  Ватан номини улуғлаётганидан дарак эмасми?

Туркистон-пресс НАА веб-сайт мухаррири

Эшқобилов Аброр