2018-01-22 09:34:00

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ПАРТИЯСИ: ФУҚАРОЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов Самарқанд вилояти Халқ қабулхонасида мурожаат қилувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, фуқаролар билан мулоқот қилди.

Хусусан, Қўшработ тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи, бир оёғидан айрилган Шаҳноза Қаршиева уй-жой масаласида ёрдам кўрсатишини сўраб мурожаат этди. Ургут туманида яшовчи фуқаро Мавжуда Худойбердиева қизининг умуртқа поғонасида ўсма суяк борлиги ва қизини жарроҳлик амалиёти йўли билан даволашда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаатлар тегишли идоралар вакиллари билан муҳокама қилиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.

С.Отамуратов вилоятдаги она ва бола скрининг ҳамда перинатал марказларида бўлиб, бу ерда она ва бола соғлиғини сақлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Соҳа ходимлари томонидан тиббий марказларда она ва болага кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада ошириш учун зарур бўладиган айрим замонавий тиббий асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги, улар аҳоли сонига нисбатан кам эканлиги билдирилди.

“Туркистон-пресс”