2018-01-22 13:33:00

БЕЛБОҒЛИ КУРАШ: МЕЗБОНЛАР БИРИНЧИ БЎЛИШДИ

Жорий йил 18-19 январь кунлари Олмалиқ шаҳрида “Баркамол авлод спорт жамоалари” мусобақалари дастуридан ўрин олган Белбоғли кураш бўйича Республика финал босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қумитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон "Баркамол авлод" жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур 20 та спорт туридан иборат мусобақаларни белгиланган режага кўра ўтказиб боришдан асосий мақсад — ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар ўртасида спорт-соғломлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибига захиралар яратишдан иборат.

Олмалиқ шаҳридаги тоғ-металлургия комбинатига қарашли спорт мажмуасида ўтказилган белбоғли кураш бўйича финал беллашувларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан еттита вазн тоифаси бўйича 98 нафар ўғил болалар кучли учликни қўлга киритиш мақсадида ўзаро куч синашишди.

Мусобақанинг биринчи кунида полвонлар иккита гиламда вазн тоифаларига кўра беллашди. Шу куни мухлислар спортчи-ўқувчиларнинг финалга қадар бўлган курашларини кузатиб боришди. Муросасиз кечган беллашувларда асосан Фарғона водийси ҳамда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри полвонлари мусобақага пухта тайёргарлик кўрганликларини ўз чиқишлари орқали исботлашди.

Беллашувнинг иккинчи куни еттита вазн тоифасида финалга қадар етиб келган полвонлар ўртасидаги курашлар қиғигандан қизиди. Ҳар бир вазн тоифасидаги финал учрашувини белбоғли кураш шайдолари зўр иштиёқ билан кузатиб, олқишлаб туришди. Белбоғли кураш федерацияси вакиллари ва ҳакамлари полвонларнинг чиқишларини баҳолаб боришди.

Демак, биринчи ўринни қўлга киритган полвонлар билан танишамиз:

55 кг. 1. Халил Рисқибоев (Тошкент в). 60 кг. 1. Шаҳзод Абдураҳмонов (Тошкент в.). 65 кг.  1. Жавоҳир Абдуллаев (Фарғона). 71 кг. 1. Шаҳзодбек Мирзаёров (Тошкент ш.). 77 кг. 1. Ҳотамбек Бойназаров (Андижон). 83 кг. 1. Элёр Эрданов (Навоий).  +83 кг 1. Ўринбой Абдусаматов (Фарғона).

Умумжамоа ҳисобида  фахрли биринчи ўринни Тошкент вилояти жамоси қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни фарғоналик ўқувчилар эгаллади. Учинчи ўрин Андижон вилояти полвонларига насиб этди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”