2018-01-24 08:31:00

ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАЙКАЛИ ПОЙИ ГУЛЛАРГА БУРКАНМОҚДА

—Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги арафасида уюштирган саёҳат дарсимиз Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланди, —дейди Самарқанд шаҳридаги 62-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Фарида Ибрагимова. —21-умумтаълим мактабида жойлашган Ислом Каримов музейида бўлдик. Ўқувчиларга Биринчи Президентимизнинг ўқувчилик йиллари ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Бу ўқувчилар учун ниҳоятда қизиқарли бўлди.

Бугун кўҳна ва навқирон Самарқанд мамлакатнинг юрагига айланди, десак хато бўлмайди. Шаҳар кўпдан буён Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов хотирасига ҳурмат билдириш учун ошиқаётган юртдошларимиз, чет эллик меҳмонлар билан гавжум.

—Самарқанд зиёратини Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошладик, —дейди Тошкент шаҳридан келган Зуҳра Худоёрова. —Буюк Йўлбошчимизнинг Ўзбекистон халқи учун қилган меҳнатларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. У киши халқимизнинг эркин яшаши учун курашдилар, юрт тинчлиги, фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатдилар.

Зиёратчиларни кузатсангиз, ёшми, кексами —ҳар бири улуғвор ҳайкал рўпарасига келганида бир муддат жим қолиб, хаёлга берилади. Ёшлик шиддати барқ ураётган мактаб ўқувчилари ҳам ҳайкал қаршисида бир зум чуғурлашдан тўхташади. Чунки бу инсон ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олган.

Мактаб ўқувчиларининг шовқини улуғ сиймо ҳайкали қаршисида туриб, узоқ ўйга толган отахоннинг хаёлларини бўлди. Ургут туманидан зиёратга келган Жамол Қулиев бу шўх болалар учун фаровон келажакни таъминлаган, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримовни ёдга олиб, у кишининг ҳақларига дуо қилар экан, шундай деди:

—Бугунги шароитлар, юртимиздаги тинчлик-осойишталик учун Биринчи Президентимиздан миннатдормиз. У киши мустақилликнинг илк йилларида мамлакатни оғир иқтисодий шароитдан олиб чиқди. Ислом Каримов серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди.

—Ислом Каримовнинг жасорати нафақат юртингизда, балки бутун Марказий Осиё мамлакатларида қадрланади, —дейди Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридан зиёратга келган Жамила Фозилова. —Шу буюк инсоннинг хизматлари туфайли бугун Ўзбекистон гуллаб-яшнамоқда, донғи дунёга таралмоқда. Зиёратни кўнглимга тукканимдан буён ҳар доим Самарқандга ошиқдим. Мана, ниятимга етдим.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмий сайтининг хабар қилишича, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”