2018-01-24 09:03:00

АКАДЕМИК ҚАЛАНДАР АБДУРАҲМОНОВ САМАРҚАНДЛИК ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Қаландар Абдураҳмонов талабалар билан учрашди.

Тадбирда Қ.Абдураҳмонов ўзининг ўқувчилик ва талабалик йиллари, академик даражасига етиш йўлидаги машаққатли илм йўли ҳақида ҳикоя қилди. Шиддат билан ривожланиб бораётган давр, илм аҳли олдига қўйилаётган талаб, ёшларимиз шунга муносиб бўлиши учун нималар қилиш кераклиги тўғрисида мулоҳазаларини билдирди.

—Қашқадарёнинг олис Тўлақул қишлоғида, пастқамгина, шифтида қамиши осилиб турадиган, деразасида ойна йўқ мактабда ўқиганман, —деди академик. —Электр энергияси йўқлиги сабабли кечалари мойчироқ ёруғида китоб ўқидик ва шундай шароитда мактабни битириб, олийгоҳга ўқишга кирдим. У ерда ҳам ўзимизга боғлиқ бўлмаган қийинчиликларни бошимиздан ўтказдик.

Бугун эса илмга чанқоқ ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат даражасидаги юмушга айланган. Бундай имкониятдан унумли фойдалаш лозим.

Учрашув сўнгида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда институт қошидаги академик лицейнинг илмий-услубий, маънавий-маърифий фаолиятини такомиллаштириш, янги инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш мақсадида академик Қ.Абдураҳмонов раҳбарлик қилаётган Тошкент шаҳрида жойлашган Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиали билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

“Туркистон-пресс”