2018-01-24 11:40:00

ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ФИНАЛИГА ЧИҚДИ

Футбол бўйича U-23 Осиё чемпионати ярим финалидан ўрин олган учрашувда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушиб, 4:1 ҳисобида ғалабага эришди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Ўйинни вакилларимиз ҳужумкор тарзда бошлашди. 33-дақиқада Жавоҳир Сидировнинг ажойиб пасини Забиҳилло Ўринбоев голга айлантира олди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида Ўзбекистоннинг ғалабаси билан якунига етди.

Иккинчи бўлимда Жанубий Корея анча фаоллашди. 58-дақиқада Хван Хьюн Су боши билан дарвозамизни ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди.

Шундан кейин вазият тенглашди. 75-дақиқада Жанубий Корея терма жамоаси футболчиси Жанг Юнхо қўполлиги учун майдондан четлатилди. Аммо ўйиннинг асосий вақти якунига етгунча терма жамоамиз футболчилари рақиб дарвозасига бошқа гол кирита олишмади.

Экстра таймлар Равшан Ҳайдаров шогирдлари учун муваффақиятли ўтди. 100-дақиқада Азизжон Ғаниев, 110-дақиқада Жасур Яхшибоев, 120-дақиқада Акром Комилов Жанубий Корея дарвозасига гол киритишди.

4:1 ҳисобида ғалаба қозонган вакилларимиз Осиё чемпионати финалига йўл олишди. Эндиликда финалда Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Аброр ЭШҚОБИЛОВ,

“Туркистон-пресс”