2018-01-24 12:02:00

ТАДБИРКОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШГА МОРАТОРИЙ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Ўзбекистонда икки йил муддатга тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга мораторий жорий этилди.

Бунда жиноий иш доирасидаги ва юридик шахс фаолияти тугатилиши муносабати билан ўтказилаётган текширувларга нисбатан мораторий қўлланилмайди. Президентнинг 22 январдаги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури тасдиқланган фармонда бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг бўшаётган 228 та штат бирликларини прокуратура органларига ўтказган ҳолда тугатилади.

Худди шу санадан адлия органларининг кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чел эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир-бирини такрорловчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланади.

1 апрелдан бошлаб жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) бир ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда текшириш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан узайтирилиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг (асос, текшириш ёки мониторинг ўтказиш вақти, уларни ўтказган ходимлар ва бошқалар) ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотлар мажбурий тартибда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилади.

 “Газета.uz” xабарига кўра, Бош прокуратурага ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципи сўзсиз амалга оширилишини таъминлаган ҳолда, тадбиркорлик фаолияти соҳасида, энг аввало, тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтириш топширилди.

“Туркистон-пресс”