2018-01-24 14:51:00

ДЕПУТАТ КЎМАГИДА УЛУҒНОРДА 750 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛАДИ

Улуғнор тумани Андижон вилоятининг чекка чўл зонаси ҳисобланади. Ҳудудда ишлаб чиқариш корхонаси кўп эмас. Аммо аҳолини иш билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, тадбиркор Муҳаммаджон Абдуллаев туманда ишлаб чиқариш корхонасини барпо этишга бел боғлади.

Тадбиркор туман ҳокимлигига тўқимачилик корхонасини қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш учун ариза билан мурожаат қилди. Унинг 50 миллиард 938 миллион сўм маблағ ҳисобидаги лойиҳаси тасдиқлангач, тадбиркорга туман марказида фойдаланилмай турган қаровсиз ер “ноль” қийматида инвестиция киритиш шарти билан ажратилди.

– Лойиҳа тадбиркор ҳамкоримиз Иқболжон Абдубаннаевнинг 12 миллиард 734 миллион сўм маблағи ва “Асакабанк”нинг 38 миллиард 204 миллион сўм маблағ ҳисобига молиялаштирилган, – дейди тадбиркор М. Абдуллаев. –  Корхонада 1-босқичда тўқимачилик маҳсулотлари, 2-босқичда мато ва ипни бўяш ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Президентимизнинг “Тўқимачилик, тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларимизни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади, деб ишонамиз.

Айни пайтда “Водий саноат фахри” МЧЖ таъсисчилигидаги корхонанинг пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур тадбиркорлик объекти ишга тушгач, 750 та янги иш ўрни яратилади.

“Туркистон-пресс”