2018-01-25 12:02:00

ЭЪТИБОРГА МУНОСИБ АВЛОД

Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясининг Самарқанд вилоятидаги илк соҳиблари Биринчи Президентимизнинг қабрини зиёрат қилишди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирда халқимизнинг Буюк Йўлбошчиси номи билан аталувчи давлат стипендиясининг 6 нафар самарқандлик соҳиби иштирок этди. Стипендиатлар улуғ сиймо қабрига гуллар қўйди.

Шундан сўнг улар Ислом Каримов таълим олган Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабига бордилар.

– Бугун Биринчи Президентимиз таълим олган мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашдик, – дейди Самарқанд давлат университети талабаси, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиби Ҳумоюн Авезов. – Мактабнинг 6-синф ўқувчиси Суҳроб Искандаровнинг “Ақлли гултувак” ҳамда телефон аппаратларини қувватлантиришга мослаштирилган қурилмаси билан танишдик. Суҳбатимиз давомида мактабда иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил этишига амин бўлдик. Мамлакатимиз мустақиллигининг асосчиси ўқиган масканда бугун ҳам юксак билим ва иқтидор соҳиблари таълим олаётгани бизни қувонтирди.

Тадбир иштирокчилари мактаб тарихи музейида Ислом Каримовнинг ўқувчилик чоғлари, эришган ютуқлари ҳақидаги манбалар билан танишди.

“Туркистон-пресс”